UNESCO Бош директори “The New York Times” журналистининг ўлдирилишини қоралади

Олам 4373
image
-

UNESCO Бош директори Одрэ Азуле америкалик журналист Брент Ренонинг Украина пойтахти Киев чеккасида ўлдирилганини қоралади. 

“Мен Брент Ренонинг ўлдирилишини қоралайман. Журналистлар можаролар пайтида маълумот беришда муҳим роль ўйнайди ва ҳеч қачон нишонга олинмаслиги керак. Мен журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро гуманитар стандартларни ҳурмат қилишга чақираман”, дейди Одрэ Азуле. 

Брент Рено АҚШнинг бир қатор нашрлари, жумладан HBO, NBC ва "The New York Times" нашрларида ишлаган ва кўплаб можаро зоналари ҳақида хабар берган. У билан бирга Ирпендаги воқеаларни ёритиб келаётган ҳамкасби бу воқеа вақтида жароҳатланган. 

Эслатиб ўтамиз, Киев полиция бошқармаси бошлиғининг қайд этишича, россиялик ҳарбийлар Ирпень шаҳрида хорижлик журналистлар бўлган машинага қарата ўт очган. Оқибатда 51 ёшли Брент Рено ҳалок бўлган. Яна икки мухбир яраланган.

“The New York Times” вакили Клифф Леви журналистнинг ўлими ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Унга кўра, Брент Рено кўп йиллар давомида мазкур газетада ишлаган, аммо Украинадаги фаолияти нашрга боғлиқ бўлмаган. 

Қайд этилишича, Рено акаси Крейг билан биргаликда можаро зоналарида, жумладан Ироқ ва Афғонистонда фильмлар суратга олган. Унинг иши нуфузли мукофотларга сазовор бўлган.

Маълумот учун, журналистика ҳамон энг хавфли касблардан бири ҳисобланади. UNESCO маълумотларига кўра, сўнгги 15 йил ичида 455 нафар журналист ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган. Ушбу қотилликларнинг тахминан учдан икки қисми низолар бўлган мамлакатларда содир этилган. Журналистларнинг ҳар ўн қотиллигидан деярли тўққизтаси очилмаган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 89
Рейтинг: 3
t
×