UNESCO Бош Ассамблеяси сессияси илк бор Ўзбекистонда бўлиб ўтади
Жамият
−
23 Ноябрь 2023
5151UNESCO Бош Ассамблеясининг навбатдаги 43-сессияси Ўзбекистон таклифига кўра Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
“Франция пойтахтида ўтаётган UNESCO Бош Ассамблеясининг 42-сессиясида Ўзбекистоннинг навбатдаги, 43-сессияни 2025 йилда Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватланди ва тегишли қарор қабул қилинди”, дейди у.
Қайд этилишича, 40 йилдан ортиқ вақт ичида биринчи марта UNESCO Бош Ассамблеяси сессияси Париждан ташқарида бўлиб ўтади.
"Бу дипломатик муваффақият", деган 42-сессия раиси Симона-Мирела Микулеску мазкур қарорни эълон қилар экан.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакатнинг барча хорижий ҳамкорлари ва шерикларига мазкур қарорни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган.
“Минтақамизда биринчи марта ўтадиган ушбу муҳим глобал миқёсдаги тадбир халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг улкан цивилизацион салоҳиятини яна бир бор намойиш этишга хизмат қилади, деб ишонаман”, дейди Президент.
Шунингдек, Мирзиёев Ўзбекистон бўлажак сессияни энг юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча кучини сафарбар этишини билдирган.
Маълумот учун, UNESCO Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таълим, фан ва маданият бўйича ихтисослашган агентлиги саналади. У 1945 йил ноябрь ойида ташкил этилган ва штаб-квартираси Парижда жойлашган. Ташкилотга 193 та давлат аъзо.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь