Умра харажатлари нега ошди? Мусулмонлар идораси тафсилотларни очиқлади
Жамият
−
17 Январь 2022
8767Аввалроқ, Ўзбекистон фуқаролари учун Умра зиёрати тикланаётгани, дастлаб пандемиядан аввал пул тўлаганлар жўнатилиши ҳақида хабар берган эдик. Бироқ энди улар қўшимча 4 770 000 сўм пул тўлаши кераклигини айтилганди.
Қўшимча пул тўлаш масаласи ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлиши ортидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий изоҳ берди.
ЎМИнинг таъкидлашича, коронавирус пандемияси Умра хизматлари кўрсатишга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Аввал қайд этилганидек, меҳмонхонада 4 кишилик хонага 2 нафар зиёратчи, 50 ўриндиқли автобусга 25 киши жойлаштириш каби талаблар ўрнатилди.
“Ҳар бир фуқаронинг сафарга чиққандан то она-Ватанга қайтиб келгунга қадар эпидемиологик меъёрларга жавоб берадиган ташкилий ва тиббий хизматлар йўлга қўйилди. Масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари махсус қадоқланган ҳолда тарқатилади, тиббий хизмат кўрсатишда қўшимча шифокорлар ва махсус дори-дармонлар билан таъминланади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда икки йил аввалги ҳолатга нисбатан нарх-наво кўтарилди. Бунинг устига қиролликда 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи ҳам жорий этилди.
“Табаррук заминда зиёратчи ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, фақат тоату ибодатга сарфлаши учун Макка ва Мадина шаҳарларида Икки Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналар буюртма қилинди. Масжиди Набавийга яқин бўлган 5 юлдузли “Пулман зам-зам” ва Байтуллоҳ атрофидаги “Жабал Умар” ҳудудида жойлашган 5 юлдузли меҳмонхона олинди. Таъкидланишича, олдинги йилларда зиёратчилар Макка шаҳрида Ҳарам масжидидан чамаси 1,2 км бўлган меҳмонхонада истиқомат қилишган”, дейилади расмий изоҳда.
ЎМИга кўра, бу зиёратчиларга беш маҳал намозни Ҳарами шарифларда адо этиш, дуою илтижолар билан банд бўлишда енгиллик беради. Йўл, таомланиш ва бошқалар учун кетадиган вақтни тежайди. Шунингдек, меҳмонхоналарда тиббиёт ва ишчи гуруҳлари хизмат кўрсатади.
“Ўзбекистон Саудияда Умра сафарини ташкил қилиш бўйича бир неча ширкат имкониятларини ўрганганини аввал ҳам хабар қилган эдик. Бунда Саудия ҳаж ва Умра вазирлиги талабига асосан Умрани ташкил этиш бўйича лицензияга эга бўлган ширкатлар бўлишига эътибор қаратилди. Шу кунларда, ижтимоий тармоқларда муқобил таклиф билан чиқаётган баъзи ширкатлар Умра хизматини кўрсатиш учун янгиланган рухсатномага эга эмаслигини билдириш билан кифояланамиз.
Олдинги узоқ йиллик ҳамкор ширкат ҳам пандемиядан кейин лицензия ололмагани учун бошқа, имконияти кенгроқ “Абу Сарҳад” ширкати билан шартнома имзоланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Қўшимча тўловлар юзасидан яна бир жиҳат. Ҳар бир Ҳаж ёки Умра мавсуми тўловлари учун алоҳида ҳисоб рақам очилади ва сарф-харажатлар амалга оширилади. Маблағлар банкдаги махсус ҳисоб рақамда сақланади. Маблағлардан муборак сафарга тегишли йўналишлардан бошқа мақсадда фойдаланишга имконият мавжуд эмас. 2020 йил февраль ойига қадар Умра учун тўлов амалга оширган, пандемия сабаб бориш истагидан қайтган фуқароларнинг мурожаатига асосан тўловлари қайтариб берилди. Қолган фуқароларнинг маблағлари ўз ихтиёрларига кўра, Умра ҳисоб рақамида сақланмоқда”, дея таъкидлаган Мусулмонлар идораси.
LiveБарчаси