Умаров: “АСДП фракцияси Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи давлат сифатида иштирокини маъқуллади”
Жамият
−
28 Апрель 2020
4396“Адолат” СДП фракцияси томонидан Ўзбекистоннинг ҳозирги ривожланаётган иқтисодиётини инобатга олган ҳолда, ҳамкорликда ўтиш даври белгиланиб, кузатувчи давлат сифатида иштирок этиши маъқулланди. Бу ҳақда фракция раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари Наримон Умаров хабар берди.
Умаровга кўра, мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши Президент ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида аниқ белгилаб берилган.
Давлат раҳбари фаолиятининг биринчи кунлариданоқ мамлакат ташқи сиёсати, хусусан, иқтисодиётнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциясини таъминлаш масаласи устувор йўналиш сифатида қаралмоқда. Айниқса, қўшни мамлакатлар билан яқин ҳамкорликни чуқурлаштириш, стратегик шериклик асосида муносабатларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ушбу ҳамкорлик натижаларидан оддий фуқаролар манфаатдор бўлмоқда. Айниқса, иқтисодиёт соҳалари бўйича ҳамкорлик кучайди. Натижада иқтисодиётга инвестициялар ҳажми 2 баробар ошди. Ижтимоий адолат тамойили ҳаётнинг барча жабҳаларига жорий этилди. Буни ўзбек халқи ва халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи алоҳида эътибор марказида бўлмоқда. Чунки бу ташкилотга аъзо давлатлар билан минг йиллик муносабатлар шаклланган, ҳар бири билан икки томонлама алоқалар мустаҳкам ўрнатилган ва ҳамкорлик ўз самарасини кўрсатмоқда.
Шу сабабли, “Адолат” СДП фракцияси депутатлари ҳам Ўзбекистоннинг Иттифоқ билан ҳамкорлиги мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти учун ўта муҳим масала, деб ҳисоблайди.
Ушбу ҳамкорлик бўйича Қонунчилик палатасига Ҳукумат томонидан киритилган таҳлилий ҳужжатлар тўплами “Адолат” СДП ва фракция қўшма йиғилишида таҳлил қилинган. Киритилган норматив-ҳуқуқий ва таҳлилий ҳужжатлар чуқур ўрганилган, бўлажак ижобий ва салбий ҳолатлар бўйича партия экспертлари ва олимлар билан муҳокама ва маслаҳатлар ўтказилган.
Шу ўринда алоҳида фуқаролар ўртасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг ўтказган сўров натижаларига эътибор қаратиш зарур. Ўтказилган сўровга асосан 54 фоиз аҳоли ЕОИИ билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаган.
“Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳам Қонунчилик палатаси томонидан тузилган махсус ишчи гуруҳида ҳам фаол иштирок этиб, улар ЕОИИ билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётга таъсирини чуқур таҳлил қилиб, истиқболда миллий иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларига ўз позицияларини билдирган. Фракция Ишчи гуруҳи хулосаларини тўлиқ маъқуллайди.
Мана ҳозир Ишчи гуруҳи ЕОИИ билан ҳамкорликнинг иқтисодиёт тармоғига ижобий ёки салбий таъсирини батафсил кўриб чиқиш ва Ўзбекистоннинг бошқа халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлигига таъсирини ҳар томонлама кўриб чиқиб, ўз хулосаларини парламентга тақдим этди.
Шунингдек, парламентда ўтказилган “Ҳукумат соати”да ҳам депутатлар партиянинг позициясидан чиққан ҳолда ҳукумат аъзоларига иқтисодиётнинг баъзи соҳалари бўйича аниқлаштирувчи саволлар билан мурожаат қилган.
“Тўғрисини айтсак, баъзи саволларга биз тўлиқ жавоб ололмаган ҳоллар ҳам кузатилди. Кейинги мурожаатларимиз давомида ушбу масалалар бўйича аниқлаштирувчи жавоблар олдик.
Фракциямиз муҳокамасида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласида унинг ижобий ва салбий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди”, дейди Наримон Умаров.
АСДП фракцияси томонидан қуйидаги ижобий томонлар билдирилган:
Биринчидан, мамлакат ЕОИИга аъзо давлатлар билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги келгусида яхши натижа беради. Чунки бу давлатлар нефть, газ қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади. Бу ўринда Ўзбекистонда самарали фаолият олиб бораётган йирик компаниялар ЛУКОЙЛ ва Газпром мисолида кўриш мумкин.
Иккинчидан, транспорт-коммуникация соҳасидаги имкониятлар сезиларли даражада ортади. Саноат маҳсулотларининг ЕОИИ аъзо мамлакатлар орқали транзит ҳажмлари янада ошади.
Учинчидан, таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича ҳамкорлик ижобий самара кўрсатади. Мамлакат раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан Россия ва Беларусь олий таълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилиб, унумли фаолият кўрсатмоқда. Рақоботдош мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган.
Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам ҳамма гувоҳ бўлаётганидек, коронавирус пандемияси даврида давлат раҳбарининг ташаббуслари асосида Россиянинг етук тиббиёт мутахассислари билан узвий алоқалар ўрнатилди ва самарали натижаларга эришилмоқда.
Бу масалалар “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида устувор йўналиш сифатида белгиланганлиги аҳамиятлидир.
ЕОИИ билан ҳамкорликнинг салбий таъсирига ҳам фракция депутатлари ўз эътиборларини қаратган.
Биринчиси, ЕОИИга аъзо бўлиш мамлакат саноатининг қатор тармоқлари ривожига салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, мамлакатда фаолият юритаётган автомобилсозлик, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа соҳалар 2 млрд АҚШ доллари атрофида йўқотиши прогноз қилинмоқда.
Иккинчиси, ЕОИИ давлатлари билан ташқи савдо сиёсатини етарлича мувофиқлаштириш қувватига эга эмас. Сабаби, ЕОИИ қоидаларини бузган давлатни ЕОИИ судига бериш каби ўта муҳим ваколат белгиланмаган.
Демак, истиқболда ЕОИИга аъзо мамлакатлар ўртасида ҳалол рақобат муҳитини бузиш ҳолатлари бўйича низоларни бартараф этиш механизми мавжуд эмас.
Ушбу билдирилган фикрлар доирасида фракция депутатлари томонидан ОАВда, марказий ва маҳаллий телевидениеларда ҳамда ижтимоий тармоқларда 30 дан ортиқ муносабат ёритилди. Қолаверса, партия фаоллари ва экспертлари томонидан ҳам партия ғояларидан келиб чиқиб фракция позициясини шакллантирган.
Муҳокамалар натижасида АСДП фракцияси томонидан Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласини янада чуқурроқ таҳлил қилиш, ҳозирда аъзо давлатлар иқтисодиётига ва ижтимоий ривожланишига таъсирларини таққослаш бўйича таҳлилий маълумотларни ўрганиш бўйича таклифлар билдирилган.
“Хулоса сифатида Ўзбекистоннинг ҳозирги ривожланаётган иқтисодиётини инобатга олган ҳолда ҳамкорликда ўтиш даври белгиланиб, кузатувчи давлат сифатида иштирок этиш маъқулланди”, дейди “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров.
LiveБарчаси