Ўлганимда ҳам мамлакатни бермайман – Лукашенко халққа мурожаат йўллади

Олам

image

Бугун, 16 август куни Беларусь Президенти Александр Лукашенко Минскда Ҳукумат уйи олдида тарафдорлари олдида халққа мурожаат йўллади.

Лукашенко кўча акциялари тарафдори эмаслигини, аммо ҳозир одамларни ёрдамга чақиришга мажбур бўлганини маълум қилди.

У мухолифатни шифокор ва журналистларга тегинмасликка чақири.

“Бирор нима бўлса, жавоб берасизлар. Тинч ва ривожланаётган мамлакатни шарманда қилманг”, деди Лукашенко.

Беларусь етакчиси йўлидан адашганларга мурожаат қилиб шундай деди:

“Нима хоҳлайсизлар? Эркинликми? Қандай? Ўзгариш хоҳлайсизми? Қанақа? Ислоҳот? Айтинг, эртага бошлаймиз. Вертолётда пулми? Аммо биласизку вертолётдан пул тушмайди, пулни майдонларда эмас, завод ва фабрикаларда ишлаб топиш керак”.

Лукашенко сайловларни қайтадан ўтказиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Давлат раҳбари қайта сайлов ўтказишга рози бўлса, Беларусь ҳалок бўлади деб ҳисоблаяпти.

“НАТО раҳбарлари бизни қайта сайлов ўтказишга чақиряпти. Агар биз уларнинг айтганига учсак, давлат сифатида ўламиз”, деди Лукашенко.

У президентлик сайловлари сохталаштирилгани ҳақидаги фикрга қўшилмаяпти. Хусусан, шундай деди:

“80 фоиздан юқори натижа билан сайлов натижасини сохталаштириб бўлмайди. Мен бу ерда Худо қаршисида тургандек турибман. Сайловлар ўтказилди”.

У ҳокимиятга тирмашмаётганини ҳам айтиб ўтди. Аммо кетса нима бўлиши мумкинлигини билмаслигини қўшиб ўтди.

“Чорак асрда мен ўзимнинг ёшлигимни ва энг яхши йилларимни сиз ва Ватанимизга хизмат қилиш билан ўтказдим. Улар [мухолифат] менга “Кет!” деб бақиряпти. Муаммо эмас! Муаммо эмас! Президентлар келади кетади. Кейинчи? Эртага бу ерда кимни кутамиз? Кимни боқамиз?

Президентнинг сўзларига кўра, у мамлакатни ўлса ҳам бермайди.

“Биз сиз билан барча қийинчилик ва камчиликларга қарамай чиройли мамлакат қурдик. Сизлар уни кимга беришга қарор қилдингиз? Агар кимдир мамлакатни бермоқчи бўлса, ҳатто ўлган бўлсам ҳам бунга рухсат бермайман”, деди Лукашенко.

Лукашенконинг сўзларига кўра, халқ биринчи Президентини “қурбон” қилса, бу интихонинг бошланиши бўлади.

“Сиз умрбодга Украинадек, бошқа давлатлардек бўласиз, тиз чўкиб, номаълум кимсага илтижо қиласиз”, дея халққа юзланди у.

Шунингдек, у қаттиқ сиёсат олиб борганини тан олди. Аммо одамлар ундан мамлакатда тартиб ўрнатишни сўраганини ҳам эслатиб қўйди.

“Ҳа, менинг сиёсатим кимгадир ёқмагандир. Бироқ биз бу ҳукуматни тасдиқладик, Конституция қабул қилдик. Сиз тартиб ўрнатишни сўрагандингиз, мен ўрнатдим. Сизлар олигархларсиз дегандингиз. Қани улар? Сиз мендан Минск кўчаларини безорилардан тозалашни сўрадингиз? Мен буни бажардим”, деди Президент тарафдорлари олдида.

Лукашенко тарафдорлари қаршисида тиз чўкишини, улар бунга лойиқ эканини таъкидлади. Президентнинг сўзларига кўра, Ғарб давлатлари мамлакат чегарасида ҳарбий қудратини оширяпти.

Лукашенко ўз бошқаруви даврида беларуслар мустақил суверен давлат қурганини, аждодлари айнан шуни орзу қилганини қўшимча қилди.

“Сизлар мендан, бутунлай тажрибасиз ёш одамдан халқни жарликдан олиб чиқишимни сўрадингиз. Биз буни бажардик, биз миллионлаб аждодларимиз орзуси бўлган ишни уддаладик”, деди Лукашенко.

Давлат раҳбари сўзи сўнгида яна ташқи таҳдид ҳақида гапириб ўтди, аммо хавф туғдираётганлар кимлиги яна мавҳум ва ноаниқ бўлиб қолди. Таъкидланишича, ташқи кучлар мамлакат чегарасини ўзгартиришга уриняпти.

“Бундай бўлмайди. Биз Брест қалъаси бўламиз. Мамлакатни бермаймиз”, деди Лукашенко.

Эслатиб ўтамиз, Беларусда 9 август куни президентлик сайлови ўтказилди. Унда мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко 80,1 фоиз овоз йиғиб, ғалаба қозонди.

Аммо 9 августдаёқ мамлакат бўйлаб норозилик акциялари бошланди ва ҳамон давом этяпти. 

Лукашенко бу орада Россия Президенти Владимир Путин билан мулоқот қилиб, зарур вазиятда унинг ёрдамига суяниши мумкинлигини аниқлаштириб олди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Александр Лукашенко

Баҳолаганлар

620

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made