Ўлдирилган “Ҳизбуллоҳ” етакчиси вақтинчалик махфий жойга дафн қилинди – ОАВ
Олам
−
04 Октябрь
355027 сентябрь куни Исроилнинг Байрутга уюштирган ҳужумида ҳалок бўлган Ливан “Ҳизбуллоҳ”ининг бош котиби Ҳасан Насруллоҳ вақтинчалик махфий жойга яширинча дафн қилинди. Бу ҳақда “Sky News Arabia” телеканалига ташкилотга яқин манба хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, бу қарор Насруллоҳнинг дафн маросими Исроил ҳаво ҳужуми нишонига айланиши мумкинлигидан қўрқиб қабул қилинган.
“Ҳасан Насруллоҳ оммавий дафн маросимини ўтказишга имкон берадиган ҳолатлар юзага келгунча вақтинчалик жойга дафн қилинди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳ Исроилнинг Байрут чеккасидаги гуруҳнинг ерости қўмондонлик марказига берган авиазарбалари оқибатида ўлдирилгани маълум бўлган эди. Бундан ташқари, Эрон давлат ахборот агентлиги IRNA хабарига кўра, худди шу Исроил ҳужумида “Ҳизбуллоҳ”га ёрдам бериш учун Эрондан Ливанга жўнатилган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони ўринбосари, генерал-майор Аббос Нилфорушан ҳалок бўлган. 29 сентябрь куни Эрон расмийлари Нилфорушаннинг ўлимига расман изоҳ берди. Мамлакат Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи унинг ўлдирилиши жавобсиз қолмаслигини айтди.
Эрон 1 октябрь оқшомида Исроилга йирик ракета ҳужуми уюштирди. Теҳрон бунга сабаб Исроилнинг Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ва Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳлари нишонларига берган зарбалари, шунингдек, улар етакчиларининг ўлими билан изоҳлади. Теҳрон кўзланган мақсадга эришилганини билдирди. Исроил расмийлари ўққа тутиш муваффақиятли бўлгани ҳақидаги даъволарни рад этиб, ракеталарнинг аксарияти уриб туширилганини таъкидламоқда. Америка томони ҳам худди шундай баҳо беради.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Эроннинг ҳаракатларини катта хато деб атади ва уни жавобгарликка тортишга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, ўлдирилган “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАС етакчилари Исроил “ўзини ҳимоя қилишга ва қасос олишга қанчалик тайёр эканини тушунмаган ва Теҳронда буни тушунмайдиганлар ҳалиям бор”.
Эслатиб ўтамиз, Ливан пойтахти Байрут бугун, 4 октябрга ўтар кечаси яна Исроил ҳаво ҳужумларига учраганди. Бу ҳужум нишони 27 сентябрь куни Исроил томонидан ўлдирилган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг амакиваччаси ва эҳтимолий вориси Ҳошем Сафи ад-Дин бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь