Украинанинг ЕИга қўшилиши геосиёсий манфаатларга мос келади – Бербок 

Олам

image

Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг фикрича, Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши жамиятнинг геосиёсий манфаатларига жавоб беради. У бу фикрини Карлсруэдаги “Яшиллар” федерал съездида билдирди.

"Украина яқин келажакда ЕИни мустаҳкамлаши аниқ. Украинанинг ЕИга қўшилиши бизнинг геосиёсий манфаатларимизга жавоб беради. Шунинг учун биз нафақат Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз, балки буни оширамиз ", дейди Бербок.

У Украина келажакда Европа Иттифоқининг бир қисмига айланишига ишонч билдирган.

Қайд этиш жоизки, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 8 ноябрь куни Европа Иттифоқи кенгашига Украина билан ҳамжамиятга қабул қилиш бўйича музокараларни бошлашни тавсия қилишини айтган. Шу билан бирга, музокараларни бошлаш тавсияси Украина бир қатор шартларни бажариши кераклигига ишора билан бирга келган. Бу қарор декабрь ойида Брюсселда бўлиб ўтадиган саммитда ҳамжамият мамлакатлари раҳбарлари томонидан маъқулланиши режалаштирилган эди. 

“Reuters” эса Европа Иттифоқининг юқори мартабали мулозимига таяниб, бу қарор кейинга қолдирилиши мумкинлигини хабар қилган. Манбага кўра, баъзилар “март ойида бу масалага қайтайлик” деган иборани ишлатишади.

Маълумот учун, Германия Украинага АҚШдан кейин иккинчи қурол етказиб берувчи ҳисобланади. Украинага Германиядан кўрсатилаётган ёрдамнинг умумий миқдори – гуманитар, молиявий ва ҳарбий – 25 миллиард евродан ошди. 11 ноябрь куни “Bild” газетаси Германия Мудофаа вазирлигидаги манбаларга таяниб, Германия ҳукумати Украинага ҳарбий ёрдамни кейинги йил 4 миллиард евродан 8 миллиард еврогача ошириш ниятида эканлигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 ноябр куни Германия Мудофаа вазири Борис Писториус Киевга борган ва ташриф давомида Украинага умумий қиймати 1,3 миллиард евро бўлган янги ҳарбий ёрдам пакети тақдим этилиши эълон қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Европа Иттифоқи Украина Анналена Бербок

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг