Украинани янги фалокат кутяпти – БМТ
Олам
−
24 Ноябрь 2022
17655Россиянинг Украина фуқаролик инфратузилмасига ҳужумларни давом эттириши Украинани жорий қишда “техноген гуманитар фалокат”га етаклаши мумкин. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло кеча, 23 ноябрь куни бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида айтди.
Қайд этилишича, Россия ҳарбийлари тинч аҳоли ва муҳим инфратузилма объектларига қарши тинимсиз, кенг кўламли зарбалар беришда давом этмоқда ва бу ҳалокатли оқибатларга олиб келади.
ДиКарло кеча тунда Украинанинг энг йирик шаҳарлари – Киев, Одесса, Львов, Николаев, Харьков ва Запорожьега ракеталар ва жанговар учувчисиз самолётлар томонидан зарбаларнинг янги тўлқини бошланганини эслади.
Совуқ ҳавонинг бошланиши муносабати билан украиналиклар ҳам паст ҳароратларда ҳам курашишга мажбур. Бу қиш, БМТ раҳбари ўринбосари таъкидлаганидек, мамлакатдаги миллионлаб одамлар учун ҳалокатли бўлиши мумкин. Украина ҳукумати аллақачон тасдиқлаганидек, мамлакатда йирик иссиқлик ёки гидроэлектр станциялари ишламаяпти.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, биргина ўтган тунда мамлакатнинг 30 дан ортиқ тинч аҳолиси Россия ҳужумлари қурбони бўлган – бу рақамга ўлганлар ҳам, ярадорлар ҳам киради. Вольнянскдаги туғруқхонага уюштирилган ракета ҳужуми оқибатида янги туғилган чақалоқ вафот этди.
Расмийлар бутун ҳудудларни, жумладан Львов, Запорожье, Одесса, Киев ва Чернигов вилоятларини электр энергиясидан бутунлай узишга мажбур бўлди. Кеча тунда уч миллионга яқин киевликлар ва одессаликларнинг катта қисми сувсиз қолди.
Бугунги ҳужумлар оқибатида ҳали ҳам ишлаётган учта атом электр станцияси – “Ровенская”, Жанубий Украина ва Хмельницкий электр тармоғидан узилди. Европадаги энг йирик атом электр станцияси “Запорожье” доимий ўққа тутилиши туфайли ҳамон хавф остида.
“Тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужумлар халқаро гуманитар ҳуқуқ билан тақиқланган. Худди шу нарса тинч аҳолига зарар этказиши мумкин бўлган ҳарбий мақсадларга қилинган ҳужумларга ҳам тегишли, бу кутилган аниқ ва тўғридан-тўғри ҳарбий устунликка нисбатан ҳаддан ташқари кўп бўлади”, дейди ДиКарло.
Унинг таъкидлашича, БМТ бу ҳужумларни кескин қоралайди ва Россия Федерациясидан бу ҳаракатларни дарҳол тўхтатишни талаб қилади.
Энди дунё ҳамжамиятининг асосий вазифаси, Розмари ДиКарло таъкидлаганидек, Украинада жорий қишда юзага келиши мумкин бўлган "техноген гуманитар фалокат"нинг олдини олишдир.
“Зудлик билан кескинликни юмшатиш керак. Биз БМТга аъзо барча давлатлар ва халқаро ташкилотларни Украина суверенитети ва унинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилган ҳолда ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга чақирамиз”, дея қўшимча қилди у.
Унинг сўзларига кўра, Москванинг Украинага қарши давом этаётган ҳужумлари билан боғлиқ бугунги даҳшатли хабарлар фонида ягона ижобий ўзгаришлар 35 россиялик ва 36 украиналик ҳарбий асирларнинг озод этилиши ва алмашиниши ҳақидаги хабар бўлди.
“Биз томонларга ушбу алмашинувларни давом эттиришни ва халқаро ҳуқуқ, хусусан, учинчи Женева конвенцияси бўйича ўз мажбуриятларини бажаришларини таъминлашни қатъий тавсия қиламиз”, дейди БМТ раҳбари ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, 23 ноябрь куни бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишида Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам нутқ сўзлади. У йиғилиш иштирокчиларини Украина тинчлик формуласини қўллаб-қувватлашга ва Россия агрессиясини қоралашга чақирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь