Украиналиклар Қозоғистондан бошпана сўраганлар рўйхатида етакчилик қилмоқда
Олам
−
21 Сентябрь
4589Украина фуқаролари Қозоғистондан бошпана сўраганлар рўйхатида етакчилик қилмоқда, шунингдек, республикада рўйхатга олинган қочқинлар сони бўйича Афғонистон фуқароларидан кейин иккинчи ўринда. Бу ҳақда Қозоғистон Миграция қўмитаси раиси ўринбосари Ерболат Абулхатин маълум қилди.
Қўмита маълумотларида сентябрь ойи ҳолатига кўра, Қозоғистонда 368 нафар бошпана сўровчи ва 310 нафар қочқин рўйхатга олинган. Унинг юқори учлигидан Украина 175, Афғонистон 136, Россия 19 киши билан жой олган. Қочқинлар орасида энг кўп Афғонистондан 213 нафар, Украинадан 87 нафар ва Хитойдан 5 нафар фуқаролар бор. Шунингдек, Суриянинг 3 ва Ўзбекистоннинг 1 фуқароси мазкур рўйхатда мавжуд. Уларнинг аксарияти Олмаота шаҳрида истиқомат қилади.
Қайд этилишича, шу муносабат билан ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш мақсадида Меҳнат вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми тузилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг апрель ойида Украинанинг Қозоғистондаги Муваққат ишлар вакили Сергей Павленко сўнгги уч йил ичида республикага 20 мингга яқин Украина фуқароси ташриф буюрганини, шундан атиги 4 фоизи ваколатли органларга бошпана сўраб мурожаат қилганини таъкидлаган.
Қозоғистон халқ ассамблеяси маълумотларига кўра, республика ҳудудида 301 мингга яқин этник украинлар истиқомат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Украинадаги элчихонаси “ўсиб бораётган кескинлик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан” қозоғистонликларга мамлакатни тарк этишни тавсия қилган эди.