Украинага босқин ортидан Россияда ижтимоий тармоқлар блокланмоқда
Олам
−
26 Февраль 2022
15589Россия Федерацияси Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникацияларни назорат қилиш федерал хизмати “Роскомнадзор” мамлакат бўйлаб Twitter’ни блоклади. Бундан ташқари ташкилот Facebook’га ҳам ҳудди шундай чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирган. Бунга сабаб қилиб Россия Украинага ҳужум бошланганидан сўнг, 24 февраль куни Facebook тармоқ бўйлаб бир қанча ҳукуматпараст Россия ахборот агентликларига нисбатан қўйган чеклови кўрсатилмоқда.
“Роскомнадзор” га кўра, Facebook Россия Федерацияси аҳолисининг ҳуқуқ ва эркинлгига таҳдид солмоқда. Ташкилот Facebook’ни Украинадаги вазият билан боғлиқ ёлғон маълумотлар тарқатишда айблаган.
Аммо, Facebook Россия ахборот агентликлари чиқараётган хабарлар ишончсизлиги ва компания тармоқ бўйлаб тарқаган лавҳалар устидан факт чекингни давом эттиришини билдирган.
Интернет тармоқлари билан боғлиқ узилишларни таҳлил қилиб борувчи “NetBlocks” ташкилотининг билдиришича, ҳозирда Россия бўйлаб Twitter’нинг бутунлай блоклангани қайд этилган, аммо ҳозирча Facebook ва Instagram бундан мустасно экани айтилмоқда.
“NetBlocks” директори Алп Токернинг BBC’га берган интервьюсида таъкидлашича, “Россия ҳукумати айнан ҳозирги таҳликали, аҳоли янгиликлардан хабардор бўлиб туриши керак бўлган бир вақтда Twitter’ни блоклаган”.
Билдирилишича, ижтимоий тармоқлардаги чекловларни четлаб ўтиш учун, Россия аҳолиси VPN’дан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.
Ҳозирча Facebook’га ҳам таҳдид солиб турган блоклаш чораси META таркибига кирувчи бошқа тармоқлар Instagram, Messenger ва WhatsApp’га ҳам таъсир қилиши номаълумлигича қолмоқда.
“Роскомнадзор” Facebook’дан ҳукуматга қарашли РИА Новости, ТВ Канал “Звезда” ҳамда Кремлпараст “Лента.ру” ва “Газета.ру” ахборот агентликларига нисбатан қўйилган чекловларни олиб ташлашни талаб қилган. Аммо, Facebook Россия томонининг бундай талабани ҳозирча эътиборсиз қолдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал “Роскомнадзор” мамалакат бўйлаб вазиятни ёритиб бораётган 10 та оммавий ахборот воситасига Украинадаги махсус ҳарбий операцияни босқин, ҳужум ёки уруш деб аташни тақиқлагани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси