Украинадан ғаллани олиб чиқиш бўйича қувонарли келишувга эришилди

Олам 9275
image

Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акар бугун, 18 июль куни Қора денгиз орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун “Дон йўлаги” деб аталадиган коридор яратиш бўйича принципиал келишувларга эришилганини маълум қилди. 

“Ғалла ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишни назарда тутувчи режа бўйича принципиал келишувга эришилди. Туркия, Россия Федерацияси, Украина ва БМТ вакилларининг тегишли ҳужжат сифатида расмийлаштирилиши мумкин бўлган учрашуви шу ҳафта бўлиб ўтиши мумкин”, дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирган NTV телеканали. 

Акарнинг сўзларига кўра, йиғилишда мувофиқлаштирувчи марказ ташкил этиш, фуқаролик кемаларининг портлардан чиқиш ва уларнинг келиш нуқталарида муштарак назорат ўрнатиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш йўналишларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинади. 

“Туркия ғалла йўлаги яратиш ташаббусини амалга ошириш ва уни расмий ҳужжат сифатида расмийлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда”, дейди вазир. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 июль куни Истанбулда “Дон йўлаги” яратиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди, унда Россия Федерацияси, Туркия, Украина ҳарбий делегациялари ҳамда БМТ вакиллари иштирок этди. Жаҳон Ташкилоти Бош котиби Антониу гутерриш йиғилишдан сўнг Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини Қора денгиз орқали хавфсиз ва ишончли экспортини таъминлаш йўлида муҳим қадам ташланганини айтди.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 188
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×