Украинадан 8 нафар учувчи F-16 да учишга ўргатиш учун танланди – “Politico” 

Олам

image

Украиналик саккиз нафар учувчилар гуруҳи Американинг F-16 қирувчи-бомбардимончи самолётларидан фойдаланишга ўқитиш бўйича Ғарб дастурида иштирок этиш учун танлаб олинди. Бу ҳақда кеча, 4 август куни “Politico” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, F-16’дан фойдаланиш бўйича машғулотларда қатнашадиган украиналик учувчиларнинг биринчи гуруҳи аниқланган. Бироқ машғулотларнинг бошланиш санаси ҳали белгиланмаган.

Манбага кўра, инглиз тилини яхши биладиган саккиз украиналик учувчи самолётлардан фойдаланиш бўйича машғулотларга киришишга тайёр. АҚШ расмий манбасининг таъкидлашича, инглиз тилини қайсидир даражада биладиган яна 20 нафар ҳарбий шу ойнинг бошида Буюк Британияда тил курсларида ўқиши мумкин. 

Айтилишича, ўқув дастурида иштирок этиш учун иккита эскадрилья учун етарли бўлган жами 32 нафар украиналик учувчи танланган, бироқ инглиз тилини билиш муаммолигича қолмоқда. 

Машғулотларнинг катта қисми Дания ва Руминияда ўтиши айтиляпти. АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти ҳали ҳам Европадаги иттифоқчиларидан тайёргарлик бўйича расмий таклиф кутмоқда. Украина расмийлари эса F-16’ни Россия суверен ҳудуди устидан парвозлар ва объектларни бомбардимон қилиш учун ишлатмасликка ваъда берган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 июль куни Литва пойтахти Вильнюсда якунланган НАТО саммитида украиналик учувчиларни Ғарб қирувчи самолётларида парвоз қилишга ўргатиш бўйича меморандум имзоланганди. Унда Дания, Нидерландия, Бельгия, Буюк Британия, Люксембург, Норвегия, Польша, Португалия, Руминия, Швеция ва Канада иштирок этишга рози бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина F-16

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг