Украинадаги уруш келаси йил якунланиши мумкин – Зеленский

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг фикрича, Россиянинг ўз мамлакатига қарши уруши келаси йил, 2025 йилда якунланиши мумкин. Бу ҳақда у кеча, 23 сентябрь куни кечқурун Нью-Йоркда Америка Конгрессининг иккала палатаси вакиллари билан учрашув якунлари бўйича Х платформасидаги микроблогида ёзди.

"Ҳозирда қатъий чоралар Россиянинг Украинага бўлган агрессиясини келаси йили тугатишни тезлаштириши мумкин. Бизнинг ғалаба режамиз амалда Россияни тинчликка мажбурлашга ёрдам беради", деб ёзди Зеленский.

Зеленский иттифоқчилардан қўшимча сиёсий ва ҳарбий ёрдам олиш мақсадида ўз режаси ҳақида музокараларда ва, эҳтимол, омма олдида чиқишлар чоғида гапириш ниятини билдирди.

Британиянинг “The Times” газетасига кўра, Зеленскийнинг "ғалаба режаси" НАТО аъзоларига тақдим этилган каби Украина учун Ғарб хавфсизлик кафолатлари талабларини ўз ичига олади ва Киев учун янги ҳарбий ва молиявий ёрдам пакетларини талаб қилади.

“Ҳозир йил охирида бизда Украина ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун реал имконият бор. Мен АҚШ Конгрессига, ҳар икки партия ва палаталарга кўрсатган сўнмас қўллаб-қувватлашлари учун миннатдорман”, деди Владимир Зеленский Конгресс аъзолари билан учрашувдан сўнг.

Зеленский БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида бўлиб ўтган “Келажак саммити”да сўзлаган нутқида ҳозирда Украинада тинчлик бўйича иккинчи саммитга тайёргарлик кўрилаётганини айтди. У барча мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарларини адолатли ва тинч келажакка эришиш йўлида олиб борилаётган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди.

"Путин аллақачон кўп нарсаларни ўғирлаган, аммо у ҳеч қачон дунё келажагини ўғирлай олмайди", дейди Зеленский.

Россия Украина бўйича тинчлик саммитларида иштирок этишдан бош тортишда давом этмоқда. Июнь ойида Швейцарияда бўлиб ўтган шундай биринчи саммитда ўнлаб давлатлар иштирок этди. Бироқ кўплаб йирик давлатлар, жумладан, Хитой ва Россия йиғилишда иштирок этмади.

Шу билан бирга, АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп Зеленскийнинг Нью-Йоркка ташрифи муносабати билан Украина президентини “тарихдаги энг яхши сотувчи” деб атади. 

"Менимча, Зеленский тарихдаги энг яхши сотувчи - у ҳар сафар мамлакатга келганида 60 миллиард доллар билан чиқиб кетади", дейди сиёсатчи.

Трамп, шунингдек, агар АҚШ президенти этиб қайта сайланса, инаугурациясидан олдин ҳам Украинадаги урушни тугатишга яна ваъда берди. 

"Агар мен бу сайловда ғалаба қозонсам, биринчи навбатда Зеленскийга қўнғироқ қиламан, президент Путинга қўнғироқ қиламан ва "Сиз келишувга эришишингиз керак, бу ақлдан озишдир" дейман", деб тушунтирди Дональд Трамп.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг