Украинадаги уруш: Бахмут, Авдеевка ва Марьинка учун шиддатли жанглар давом этмоқда
Олам
−
28 Март 2023
7844Кеча, 27 март куни рус қўшинлари томонидан Донецк вилоятининг Словянск шаҳри инфратузилмасига қилинган ракета ҳужуми оқибатида тинч аҳоли жароҳатланди, қурбонлар бор. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, шаҳарга қилинган ракета ҳужуми оқибатида кўп қаватли уйларга зарар етган. Херсон вилоятининг Берислав шаҳрида эса рус аскарларининг ҳаво ҳужуми оқибатида фуқаролик объекти зарар кўрган.
Бугун, 28 март ҳолатига кўра, Россия ҳарбийлари Украинага 24 та ҳаво ҳужуми ва 12 та ракета зарбаларини амалга ошириб, бир нечта ракета тизимларидан 55 та ҳужум уюштирган.
Келтирилишича, Россия қўшинлари ҳаво ҳужумларини амалга ошириш учун 15 та Shahed-136 зарба берувчи дронларини жойлаштирган. Улардан 14 таси Украина кучлари томонидан йўқ қилинган.
“Россия асосий кучларини Лиманский, Бахмут, Авдеевка ва Марьинка йўналишларида ҳужум операцияларини ўтказишга қаратмоқда. Бахмут, Авдеевка ва Марьинка учун энг шиддатли жанглар давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Украина Мудофаа вазирлиги Беларусь ҳудудида Россия қуролли кучлари бўлинмаларининг жанговар тайёргарлиги давом этаётганини таъкидлаган.
Украина мудофаа кучлари авиацияси ўтган кун давомида Россия кучлари шахсий таркиби тўпланган ҳудудларга 9 та, шунингдек, зенит-ракета тизимига битта зарба берган. Бундан ташқари, Россия қўшинларининг ҳар хил турдаги 5 та разведкачи учувчисиз учиш қурилмалари уриб туширилган.
Украина бўйлаб кейинги ракета ва ҳаво ҳужумлари эҳтимоли юқорилигича қолмоқда.
LiveБарчаси