Украинада тинч аҳоли орасидаги қурбонлар энг юқори чўққига чиқди – БМТ
Олам
−
11 Июль 3572 2 дақиқа
2025 йил июнь ойида Украинада 232 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 1343 нафари яраланган. Бир ойда ҳалок бўлган ва яраланган тинч аҳолининг умумий сони 2022 йилнинг февралида Россиянинг кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери энг юқори кўрсаткичдир. Бу ҳақда кеча, 10 июль куни БМТнинг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинг миссияси маълум қилди.
Билдирилишича, бир йил ичида зарбалар сони 10 баробар ошган. Тинч аҳолига зарба бериш мамлакатнинг 27 та ҳудудидан 17 тасида қайд этилган. Ҳалок бўлган ва яраланган тинч аҳолининг катта қисми (98%) Киев назорати остидаги ҳудудда бўлган.
Охирги ойда ракета ва дрон ҳужумлари сони 2024 йил июнига нисбатан 10 баравар кўп бўлди. БМТ Днепр, Киев ва Харьковга берилган зарбаларга алоҳида эътибор қаратди.
“Июнь ойи статистикаси бу йил вазият ёмонлашганини тасдиқлади”, дейилади БМТ баёнотида.
БМТ маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида Украинада 6754 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган ёки яраланган. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 54 фоизга кўпдир.
Умуман олганда, уруш бошланганидан бери БМТ миссияси камида 13 580 тинч аҳолининг, жумладан 716 болаларнинг ўлимини, шунингдек, 34 115 киши, шу жумладан 2 173 нафари болалар жароҳат олганини қайд этди.
“Қурбонлар сонининг кескин ўсишига таъсир кўрсатган асосий омиллар Россия Федерацияси томонидан шаҳарларга қарши кучли узоқ масофали ракеталар ва дронлардан фойдаланиш, бу ўқ-дориларнинг вайрон қилувчи кучини ошириш ва ҳужумлар сонининг кўпайиши бўлди”, дейилади БМТ ҳисоботида.
Қайд этилишича, “қисқа масофага учувчи учувчисиз самолётларнинг кўпайиши фронт чизиғига яқин жойлашган аҳоли пунктларига ҳалокатли таъсир кўрсатган”. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Херсон ва Донецк вилоятларига бундай зарбаларни алоҳида таъкидлади.
Live
Барчаси