Украинада Россиянинг 100 минг аскари ҳалок бўлди – ОАВ

Олам

image

2025 йил 28 март ҳолатига кўра, 2022 йилдан буён Украинага қарши босқинда камида 100 001 нафар Россия фуқароси, жумладан, 4 842 нафар офицер ҳалок бўлган. Бу ҳақда “Медиазона” ва BBC Рус хизмати томонидан юритилаётган йўқотишларнинг номма-ном янгиланган рўйхатида келтирилган.

Журналистлар интернетда эълон қилинган некрологлар (бировнинг ўлими ҳақидаги мақола) асосида кўнгиллилар билан бирга 14 мартдан 28 мартгача бўлган бир ҳафта ичида яна 2 007 нафар Россия фуқаросининг ўлимини қайд этган. “Медиазона”нинг ёзишича, ҳисоб-китобларга ёрдам бераётган кўнгиллиларда текшириб, такрорланиш эҳтимолини бартараф этиши лозим бўлган яна 10 269 та некролог мавжуд.

Украинага босқинчилик ҳужуми вақтида энг кўп ҳалок бўлганлар сони бўйича етакчи ҳудуд – аввалгидек, Бошқирдистон бўлиб қолмоқда: ушбу республикадан фронтга жўнаб кетганларнинг йўқотишлари 4 487 кишини ташкил қилмоқда. Иккинчи ўринда Татаристон – 4 371 нафар аскар ҳалок бўлган. Учинчи ўринда эса Свердловск вилояти жойлашган бўлиб, у ердан 3 446 киши ҳалок бўлган.

Россия армиясида ҳалок бўлганларнинг деярли чорак қисмини (24,2 фоиз) – 24 198 нафарини “кўнгиллилар” ташкил қилади. Улар Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган шахслар саналади. Иккинчи йирик йўқотиш гуруҳи қамоқхоналардан сафарбар қилинган жангчилар бўлиб, уларнинг сони 16 173 кишини (16,2 фоиз) ташкил этади. Ҳалок бўлганларнинг 11,6 фоизи сафарбар қилинган аскарлар бўлиб, улар орасида 11 628 киши бор.

Қайд этилишича, юқорида келтирилган рақамлар аниқ эмас, чунки Россия Қуролли кучлари аскарлари ва офицерларининг ўлими ҳақида интернетда ҳар доим ҳам маълумот берилмайди. Шунингдек, Россия тарафида урушаётган ва босиб олинган Украина ҳудудларидан мажбуран сафарбар қилинган шахсларни ўз ичига олган ЛХР ва ДХР тузилмалари йўқотишларини ҳисоблаш ҳам анча мураккаб. Журналистларнинг ҳисоб-китобларига кўра, улардан ҳалок бўлганлар сони қарийб 26 минг кишига етган бўлиши мумкин.

“Медуза” ва “Медиазона” турли манбалар, жумладан, барча Россия васиятчилари ҳақидаги маълумотлар қайд этиладиган Мерос ишлари реестри асосида камида 160-165 минг нафар Россия ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганини аниқлаган. BBC'га кўра, аслида йўқотишлар сони 167 194 дан 234 669 кишигача бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Британия разведкаси 2022 йилда Украинага бошланган тўлиқ ҳажмдаги босқинидан буён Россия армияси ўлдирилган ва яраланганларни қўшиб ҳисоблаганда қарийб 900 000 кишини йўқотган бўлиши мумкинлигини хабар қилганди. Лондонда берилган баҳоларга кўра, Россия армиясида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар сони 200 000 дан 250 000 нафаргача бўлиб, бу йўқотишлар Иккинчи жаҳон урушидан бери Россия учун энг йирик йўқотишлар ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина босқин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг