Украинада Россия ҳужуми оқибатида Қизил Хоч ходимлари ҳалок бўлди
Олам
−
12 Сентябрь
5473Украинанинг Донецк вилоятида ўққа тутилиши оқибатида Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг (ХҚХҚ) уч ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда қўмитанинг Х ижтимоий тармоғидаги аккаунтидаги хабарда айтилади.
Баёнотга кўра, воқеа фронтда режалаштирилган гуманитар ёрдам тарқатилишини ўққа тутиш билан боғлиқ. Қизил Хочнинг яна икки ходими жароҳатланган.
“Мен Қизил Хоч ходимларига қилинган ҳужумларни кескин қоралайман. Гуманитар ёрдам тарқатиладиган жойларнинг ўққа тутилишини мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Бугун ҳамкасбларимизни йўқотганимиз ва ярадорларга ёрдам кўрсатаётганимиз учун юрагимиз эзилиб кетди. Бу фожиа одамларни ўртага ташламоқда. Қуролли тўқнашувда яқинларини йўқотганларга жуда таниш бўлган қайғу тўлқини”, дейди ХҚХҚ президенти Мирьяна Сполярич Эггер.
ХҚХҚ миссияси аъзолари Донецк вилояти Краматорск тумани Веролубовка қишлоғидаги ночор уй хўжаликлари аҳолисига ўтин ва ёқилғи брикетларини тарқатишга ҳозирлик кўраётган вақтда улар ишлатаётган машиналар ўққа тутилган. Ташкилот ўз баёнотида зарбани ким амалга оширганини кўрсатмаган, бироқ унинг барча автомобиллари Қизил Хоч эмблемаси билан аниқ белгиланганини таъкидлаган.
Ўз навбатида, Украина Президенти Владимир Зеленский Telegram каналида “Россиянинг яна бир уруш жинояти” деб ёзди. У ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.
“Ушбу урушда ҳамма нарса аниқ: Россия ёвуз, Украина ҳаётни ҳимоя қилмоқда ва агар кимдир "иккала томонни" эшитишни хоҳласа, Россияда бу фақат кейинги ўлдириш учун рухсат сифатида қабул қилинади”, деган Зеленский яна бир бор дунёни “Россияни террорни тўхтатишга ва тинчликка эришишга мажбурлаш” учун “қаттиқ ва тубдан муносабат билдиришга” чақириб.
Украина Олий Радасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дмитрий Лубинетснинг аниқлик киритишича, қурбонлар ХҚХҚда ишлаган уч украиналик бўлган. Фожиа содир бўлган жойдан 70 км узоқликда Россия қўшинлари фаол ҳужум қилаётган Покровск шаҳри жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроилнинг Ғазо марказидаги Нусейрат қочқинлар лагеридаги собиқ мактабга уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида шу ҳудудда фаолият юритаётган олти нафар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) ходими ҳалок бўлганди.
LiveБарчаси