Украинада президентлик сайлови. Биринчи турда телебошловчи етакчилик қилди

Олам 5173
unnamed

Кеча, 31 март куни Украинада президентлик сайловларининг биринчи тури бўлиб ўтди. Бу Майдон воқеаларидан кейинги иккинчи президентлик сайлови ва иккинчи турга кимлар ўта олишини олдиндан айтиб бериш у қадар осон эмасди.

Номзодлар орасида учта фаворит бор: амалдаги президент Пётр Порошенко, унинг ўтган сайловдаги рақибаси Юлия Тимошенко ва шоумен Владимир Зеленский.

Бугун, 1 апрель куни Украина Марказий сайлов комиссияси 60 фоиз бюллетенни саралаб чиқиб, расман ҳеч бир номзод президентлик учун етарли овоз тўплай олмаганини эълон қилди. Мамлакатда президентлик сайловининг иккинчи тури ўтказилади.

Айни вақтда Украина МСК 62,74 фоиз овозни саралади ва натижалар қуйидагича: телебошловчи Владимир Зеленский 30,40 фоиз овоз тўплаб, бошқа номзодларга қараганда сезиларли олдинда боряпти. Иккинчи ўринни Пётр Порошенко эгаллаган. Унда 16,34 фоиз овоз тўплаган. Ундан кейин бироз фарқ билан “Батькивщина” партияси етакчиси Юлия Тимошенко боряпти. Унга 13,09 фоиз сайловчи овоз берган.

Амалдаги натижаларга кўра, президентлик сайловининг иккинчи турида Владимир Зеленский ва Пётр Порошенко кураш олиб боради.

Маълумот учун, Украина президентлиги учун иккинчи тур жорий йилнинг 21 апрель куни бўлиб ўтади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 80
Рейтинг: 2.9
t
×