Украинада халқаро гуманитар ташкилотнинг кўнгиллилари ҳалок бўлди
Олам
−
11 Сентябрь 2023
5647Украинанинг Донецк вилоятида, фронт чизиғига яқин жойлашган Часов Яр шаҳри яқинида Road to Relief гуманитар ташкилотининг икки нафар кўнгиллиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда ташкилот ўзининг Instagram'даги саҳифасида маълум қилди.
Воқеа кеча, 10 сентябрь куни эрталаб бир гуруҳ волонтёрлар Славянскдан Бахмут йўналишида жўнаб кетаётганида содир бўлган. Уларнинг машинаси россиялик аскарлар томонидан ўққа тутилган ва ағдарилиб, ёниб кетган. Канадалик кўнгилли Энтони Игнат ва испаниялик кўнгилли Эмма Игуал ҳалок бўлган. Игуалнинг ўлимини Испания Ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Альбарес ҳам тасдиқлаган.
Машинада жами тўрт киши бўлган. Германиялик Рубен Мавик ва швециялик Йохан Матиас Тир оғир жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган.
Маълумот учун, Road to Relief 2022 йил март ойида ташкил этилган халқаро кўнгиллилар ташкилоти саналади. Ташкилот кўнгиллилари фронтдаги аҳоли пунктларига гуманитар ёрдам етказади ва одамларни жанговар ҳудуддан эвакуация қилади.