Украинада “Қизалоқ ва маймоқ”ни кўриш тақиқланди
Олам
−
14:39 754 2 дақиқа
Украина “Қизалоқ ва маймоқ” мультсериалини яратиш ва тарқатишга алоқадор беш нафар россиялик ҳамда тўртта ташкилотга қарши санкция жорий қилди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Санкциялар мультсериални ишлаб чиқарувчи “Анимаккорд” студияси, унинг асосчиси ва бош директори, шунингдек, сценарий муаллифи, режиссёри ва продюсери, сериалнинг ҳаммуаллифи ҳамда мультфильм ҳуқуқлари эгасига нисбатан қўлланган. Санкциялар 10 йил муддатга жорий этилган.
Украина томони мультсериал болалар контенти кўринишида Россияга хайрихоҳ ғоялар ва қарашлар тарқатишини ва бу мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солишини билдирган.
Украина Маданият вазири Татьяна Бережнанинг сўзларига кўра, санкциялар мультсериал контентини мамлакат ҳудудида блоклаш ҳамда Netflix ва YouTube каби халқаро платформаларга ушбу шахслар билан ҳамкорликни тўхтатиш, контентни монетизация қилиш ва тарқатишни чеклаш бўйича мурожаат қилиш учун ҳуқуқий асос яратади.
Маълумот учун, “Қизалоқ ва маймоқ” рус халқ эртаги асосида яратилган бўлиб, қизалоқ ва маймоқнинг бошидан кечирадиган саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилади. Мультсериал YouTube тарихидаги энг машҳур анимацион лойиҳалардан бири ҳисобланади. Мультсериалнинг “Қизалоқ плюс бўтқа” (“Маша плюс каша”) номли етти дақиқалик эпизоди 4,6 миллиарддан ортиқ марта томоша қилинган. Лойиҳа YouTube’даги энг кўп кўрилган анимацион видеолардан бири сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига ҳам киритилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг кузида Украина Олий Радасида Миллий полиция санкциялар жорий этилган тақдирда “Қизалоқ ва маймоқ” мультсериалининг мамлакатда намойиш этилишини чеклашга тайёр экани билдирилганди.
Live
Барчаси