Украинада давлат тўнтариши уюштирмоқчи бўлганлар қамалди
Олам
−
10 Август 2023
10532Украинда давлат тўнтариши уюштиришга тайёргарлик кўрганликда айбланган тўрт киши қамалди. Бу ҳақда Украина Хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жиноятда айбланган тўрт киши Украина парламентининг собиқ депутати Виктор Медведчукнинг тарафдорлари бўлган.
“Маҳкумлар орасида Россия Федерацияси фуқароси, касби бўйича ҳарбий разведкачи, Россия Федерацияси президенти маъмурияти вакиллари ва тажовузкор мамлакат махсус хизматлари билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлган шахс ҳам бор”, дейилади Хавфсизлик хизмати хабарида.
Таъкидланишича, айбланувчилар давлат тўнтаришини Россиянинг кенг кўламли босқини билан синхронлаштирмоқчи бўлган ва шу орқали Украинанинг тезроқ босиб олинишига ёрдам беришни мақсад қилган.
Тергов маълумотларига кўра, қўлга олинган шахслар Киев ва Украинанинг бошқа вилоятларидаги жамоат ташкилотлари орқали ҳокимиятни эгаллашни режалаштирган. Айнан мана шу кремлпараст марказлар Украина пойтахтида “миллий мажлис”ни ўтказиш ташаббускори бўлиши мақсад қилинган.
“Ушбу форумда унинг ташкилотчилари Украина олий ҳарбий-сиёсий раҳбариятини ҳокимиятдан четлатиш бўйича резолюцияни тасдиқлашни, у рад этилган тақдирда “куч ишлатиш сценарийси”га ўтишни режалаштиришган. Бунинг учун улар ўзларининг “жанговар қанот”ларини тузган ва унга беш минг қуролли кишини жалб қилишга ҳаракат қилган", дейилади хабарда.
Махсус хизматларнинг кўп босқичли операциялари натижасида Россия босқини арафасидаги эҳтимолий давлат тўнтаришининг олди олинган.
“Тўпланган далилларга асосланиб, суд ҳужумчиларни Украина Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисми (конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартириш, ағдариш ёки давлат ҳокимиятини эгаллаб олишга қаратилган ҳаракатлар) билан айбдор деб топди ва россияликни 10 йилга, жиноят ташкилотчисини 7 йилга ва унинг икки шеригини 5 йилга озодликдан маҳрум қилди”, дея маълум қилинади хабарда.
Маълумот учун, Украина собиқ халқ депутати Виктор Медведчук Россия манфаатларини лобби қилишда айбланиб, 2022 йилнинг апрелида ҳибсга олинган. Ўша йилнинг сентябрь ойида эса ҳарбий асирларни алмашиш кампанияси доирасида “Азов” полки етакчилари эвазига Россия томонига ўтказилган. 2023 йил 10 январда эса Владимир Зеленский уни фуқароликдан маҳрум қилган. Шунингдек, сал ўтиб у депутатлик мандатидан ҳам айрилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина махсус хизматлари мамлакат етакчиси Владимир Зеленскийга нисбатан суиқасд қилиш учун тайёрланишда гумон қилинган аёлни қўлга олган эди.
LiveБарчаси