Украинада Британиянинг энг йирик қурол-яроғ компанияси иш бошлади
Олам
−
31 Август 2023
6085Украинада Британиянинг энг йирик қурол-яроғ компанияси – BAE Systems иш бошлади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
“Бош директор Чарльз Вудберн билан учрашдим. Бу жуда самарали учрашув бўлди. Биз компаниянинг Украинадаги ваколатхонасини очиш ҳамда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳақида сўзлашдик. Мамлакатимиз, бутун Европа ва эркин дунё хавфсизлиги учун биргаликда ҳаракат қилади”, дея изоҳ қолдирган Зеленский BAE Systems компанияси вакилларини қабул қилгани тасвирланган видеолавҳа остида.
Президентнинг сўзларига кўра, мамлакат учун ўз қуролларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш устувор вазифа ҳисобланади.
Украина раҳбарининг таъкидлашича, BAE Systems томонидан ишлаб чиқарилган қуроллар, хусусан L119 ва M777 артиллерия тизимлари, шунингдек, CV90 пиёда жанговар машинаси Украинада фаол ишлай бошлайди.
Бундан ташқари, Украина раҳбари мамлакатда ишлаб чиқарилган узоқ масофага зарба беришга мўлжалланган қуроллардан муваффақиятли фойдаланилганини маълум қилган.
“Биз узоқ масофага учувчи қуроллардан муваффақиятли фойдаланяпмиз - 700 километр узоқликдаги нишон “урилди”, дейди Зеленский.
Бироқ давлат раҳбари қайси турдаги қурол ҳақида гапираётгани ва қайси нишонга зарба берилганига аниқлик киритмаган.
LiveБарчаси