Украинада бир ой ичида давлатга хиёнат бўйича 20 дан ортиқ иш очилди
Олам
−
02 Ноябрь 2023
2706Бир ой ичида Украина Давлат тергов бюроси давлатга хиёнат қилиш бўйича 24 та жиноий иш очди. Бу ҳақда бюро ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, 2022 йил февралида мамлакатда уруш бошланганидан бери ушбу модда бўйича очилган ишларнинг умумий сони 1460 тага етган.
"Давлат Тергов бюроси мамлакат хавфсизлигига қарши жиноятлар бўйича 1887 та жиноий иш бўйича тергов олиб бормоқда. Уларнинг 1460 таси давлатга хиёнат билан боғлиқ жиноий ишдир", дейилади Давлат тергов бюроси хабарида.
Аниқлик киритилишича, хиёнатга шерикликда айбланиб яна 336 та жиноий иш очилган. Шунингдек, 1107 киши “давлатга хиёнат ва унга шериклик фаолиятига алоқадорлик” учун текширилмоқда.
Маълумот учун, октябрь ойи бошида Давлат тергов бюроси давлатга хиёнат моддаси бўйича 1436 та иш тергов қилинаётганини эълон қилган эди. Бюро ҳар ойда мамлакат миллий хавфсизлигига қарши жиноятлар бўйича ўнлаб жиноий иш очади. Энг кўп айбловлар Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятлари аҳолисига тегишли.