Украинада аллақачон 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган – БМТ
Олам
−
23 Февраль
2487Украинада икки йилдан бери давом этаётган Россия қуролли босқини оқибатида 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди ва 20 мингга яқин киши яраланди. Бу ҳақда кеча, 22 февраль куни Женевада тақдим этилган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳужжатда қайд этилишича, Украинада тинч аҳоли қурбонларининг ҳақиқий сони анча кўп бўлиши мумкин ва уруш оқибатлари яна кўп авлодлар учун ҳам сезилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари кузатувчилари миссияси томонидан ҳужжатлаштирилган маълумотларга кўра, уруш оқибатида камида 10 582 тинч аҳоли ҳалок бўлган ва яна 19 875 киши яраланган.
Ҳалок бўлганлар орасида 587 нафар бола бор. Ушбу тинч аҳолининг деярли 4300 нафари ёки 40 фоизи 2022 йилнинг март ойида – Россия босқинидан кейинги дастлабки ҳафталарда вафот этган.
Тинч аҳоли орасидаги қурбонларнинг аксарияти узоқ масофали портловчи қуроллардан вафот этган.
Айниқса, Украинанинг шарқий вилоятларида жуда кўп тинч аҳоли ҳалок бўлди, бу ерда 59 та тиббиёт ва 236 та таълим муассасаси вайрон бўлди, яна юзлаб муассасалар зарар кўрди.
БМТнинг бошқа манбаларига кўра, Украина аҳолисининг деярли 40 фоизи, яъни 14,6 миллион киши гуманитар ёрдамга боғланган, яна 2,2 миллион украиналик урушдан қўшни давлатларга қочиб кетган. БМТ Украинадаги ички кўчирилганлар сонини 3,5 миллион киши деб ҳисобламоқда.
LiveБарчаси