Украина йил бошидан бери қанча ёрдам олди?
Олам
−
02 Март 2023
5519Жорий йилнинг январь ва февраль ойларида халқаро ҳамкорлар Украинага бюджет ёрдами сифатида 6,3 миллиард доллар ўтказди. Бу ҳақда бугун, 2 март куни Олий Рада депутати Ярослав Железняк ўз Telegram каналида маълум қилди.
“Февраль ойида бизнинг бюджетимизга халқаро ёрдам 75,6 миллиард гривна (2 миллиард доллар)ни ташкил этди. 2023 йилнинг икки ойи ичида биз аллақачон 230,8 миллиард гривна (6,3 миллиард доллар) олдик”, деб ёзган Олий Рада депутати.
Железнякнинг аниқлик киритишича, Киев Европа Иттифоқидан 3,2 миллиард доллар, АҚШдан 2,2 миллиард доллар ва Буюк Британиядан 498 миллион доллар олган.
Маълумот учун, Украина Бош вазири Денис Шмихал жорий йилги бюджет тақчиллиги 38 миллиард долларни ташкил этганини маълум қилган. У Европа Иттифоқидан 18 миллиард доллар миқдоридаги макромолиявий ёрдам аллақачон ажратилганига аниқлик киритган. Шунингдек, у сентябргача мамлакат АҚШдан 10 миллиард доллар олиши керак эканини айтган. Бундан ташқари, бу йил Канададан 1,5 миллиард доллар, Норвегиядан эса беш йил давомида 7,5 миллиард доллар ва бошқа мамлакатлардан кичикроқ кредитлар ажратиш бўйича келишувга эришилган. Вазирга кўра, барча келишувларни ҳисобга олган ҳолда, дефицитни ёпиш учун Украинага яна 5 миллиард долларга яқин маблағ керак бўлиб, бу пуллар Халқаро валюта жамғармасидан олиниши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украинага АҚШ томонидан 2 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам, Канададан эса 32,5 миллион долларлик ёрдам пакети ажратилгани эълон қилинган эди.
LiveБарчаси