Украина ерлари фақат халқнинг розилиги билан берилади – Зеленский
Олам
−
02 Август
7558Украина Президенти Владимир Зеленский Россия билан урушни тинч усулда ҳал қилиш доирасида халқнинг розилигисиз мамлакат ҳудудини бериш ниятида эмаслигини айтди. Бу ҳақда у “Le Monde” газетасига берган интервьюсида сўз очди.
“Украинанинг ҳудудий яхлитлигига оид ҳар қандай муаммони бир Президент, ягона бир шахс ёки бутун дунё Президентлари Украина халқининг иштирокисиз ҳал қила олмаслигини тушунишингиз керак”, деган Владимир Зеленский.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Украина расмийлари халқнинг розилигисиз ўз ҳудудларини кимгадир беришга ҳаққи йўқ. Унинг фикрича, халқнинг хоҳишларини инобатга олиш лозим. Шу ўринда, агар мамлакат ерлари шундайлигича бериладиган бўлса, Россия Президенти Владимир Путин буни ғалаба сифатида қабул қилади.
Интервьюда Украина Президенти Россияни музокаралар столида кўрмоқчилигини айтган.
“Кўпчилик давлатлар сингари, мен ҳам ноябрь ойида бўлиб ўтадиган тинчлик бўйича иккинчи саммитда Россия вакиллари иштирок этиши керак, деб ҳисоблайман, акс ҳолда улар қўшма режа ишлаб чиқишимизга тўсқинлик қилмаслиги керак”, дейди Зеленский.
Айни шу фонда Украинада ҳудудлардан воз кечишга тайёрлар улуши ортиб бормоқда. Ҳарбий ҳаракатларни тугатиш учун ҳудудлардан воз кечишга тайёр украиналикларнинг улуши сўнгги бир йил ичида уч баравар ошган. Социологлар таъкидлаганидек, 2022 йилнинг майидан 2023 йилнинг майигача бўлган даврда вазият нисбатан барқарор эди: респондентларнинг тахминан 8-10 фоизи Россияга ҳудудий ён беришга тайёр, мутлақ кўпчилик – 82-87 фоизи эса ҳар қандай имтиёзларга доимий равишда қарши чиққан. Бироқ, 2023 йилнинг май ва октябрь ойлари орасида Украина муваффақиятсиз қарши ҳужумни бошлаганида, аҳолининг бир қисмидаги бу кайфият ўзгара бошлади. Шундай қилиб, 2023 йил охирига келиб, имтиёзлар бериш истаги 19 фоизга, 2024 йилнинг февралида – 26 фоизга, 2024 йилнинг май ойида – 32 фоизга ортган.
Шу билан бирга, урушни тугатиш учун ҳудудий имтиёзларга қарши чиққанлар сони йил давомида 29 фоизга - 84 фоиздан 55 фоизга камайган.
Маълумот учун, Украина конституциясининг 73-моддасида ҳудудий ўзгаришлар фақат умумхалқ референдумидан сўнг амалга оширилиши мумкинлиги қайд этилган. Конституциянинг 133-моддасида ҳам барча ҳудудлар, жумладан, Қрим яримороли, Севастопол шаҳри ва Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари санаб ўтилган. Бундан ташқари, конституцияга ўзгартириш киритиш учун Украина парламентида кўпчилик овоз керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинада аҳоли орасида тинчликка эришиш учун Россияга ҳудудий имтиёзлар бериш борасида ўтказилган сўровномада қатнашганларнинг 32 фоизи тинч-тотув яшаш учун ўзлари яшаб турган ерларни Россияга беришга рози эканлигини билдирганди.