Украина ва Венгрия ўртасида ишончсизлик бор – Кулеба 

Олам

image

Кеча, 29 январь куни Украинанинг Ужгород шаҳрида Президент девони раҳбари Андрей Ермак, Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва унинг венгриялик мавқедоши Питер Сийярто ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Музокараларнинг расмий мақсади Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг учрашуви учун замин яратишдан иборат эди. Бироқ ТИВ раҳбарларининг олти соатлик учрашуви кутилганидек самара бермади. Бу ҳақда Дмитрий Кулеба “Укрiнформ" агентлигига берган интервьюсида маълум қилди

"Биз бир-биримизнинг мақсадларимиз тўғрисида очиқчасига гаплашиб олдик. Бир-биримизга ҳамма нарсани тушунтирдик. Венгерлар бизга ишонмайди, бизда ҳам турли ҳолатлар туфайли уларга ишончсизлик бор", дейди Кулеба.

Айтилишича, музокаралар давомидаги асосий масалалардан бири Украинадаги венгер миллий озчилигининг ҳуқуқлари масаласи бўлган.

"Менинг тажрибам шуни кўрсатадики, биз венгерлар билан ишончсизликни бартараф этиш учун гаплашишимиз керак", дейди Кулеба. 

У бунинг учун махсус комиссия тузилганини қўшимча қилди.

Ўз навбатида, Венгрия ТИВ раҳбари учрашувдан сўнг ўтказилган қўшма матбуот анжуманида томонлар ишонч муҳитини тиклаш учун “кўп йўл босиб ўтишлари кераклигини айтди. 

Венгриянинг Украинага қарши асосий шикоятлари Закарпатиядаги этник венгерларнинг аҳволи билан боғлиқ. Уларнинг ҳуқуқлари саккиз йил аввал, Украина ҳукумати миллий озчиликларга қарши қонунларни кучайтиргач, поймол қилина бошланган.

Музокаралар якунига кўра, Ужгороддаги учрашувда Венгрия талабларининг 11 банди сарҳисоб қилингани, улар Украина томонидан ўрганилиши маълум қилинди. Ушбу масалалар юзасидан таклифлар тайёрлайдиган ҳамда Венгрия ва Украина Ташқи ишлар вазирларига тақдим этадиган икки томонлама комиссия тузишга қарор қилинди.

Қайд этиш жоизки, Будапешт узоқ вақтдан бери Киевдан Закарпатиядаги венгер озчилигининг ҳуқуқларини тиклашни талаб қилмоқда ва акс ҳолда Украинанинг Европа интеграцияси истагини қўллаб-қувватламаслиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. 2023 йил 8 декабрда Олий Рада Европа Кенгашининг маслаҳат органи бўлган Венеция комиссиясининг тавсияларини инобатга олган ҳолда миллий озчиликлар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ҳужжат Европа Иттифоқининг расмий тилларидан фойдаланадиган миллий озчиликлар учун тил чекловларини бекор қилишни назарда тутади. Венгрия ҳукумати қонуннинг амалда қандай татбиқ этилишини кўриб чиқишини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Венгрия Дмитрий Кулеба Андрей Ермак Ужгород Питер Сийярто

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг