Украина ва Россия беш ой деганда илк марта асирлар алмашди
Олам
−
04 Январь
6068Украина 200 дан ортиқ украиналик ҳарбийлар ва тинч аҳолини уйига қайтарди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
Унинг айтишича, аскарлар, сержантлар, офицерлар – Украина Қуролли кучлари, Миллий гвардия, Ҳарбий-денгиз флоти, чегарачилар Россия асирлигидан озод қилинган. Улардан баъзилари Мариупол ва Азовсталдаги жангларда қатнашган.
“Украина 230 нафар украиналик ҳарбий ва тинч аҳолини асирликдан уйига қайтарди - бу барча алмашинувларнинг энг каттаси”, дея хабар қилди Украина ҳарбий асирлар билан муомала қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб.
Хабарга кўра, қайтарилганлар орасида Халқаро Қизил Хоч қўмитаси томонидан тасдиқланган расмий ҳарбий асир мақомига эга бўлганлар (182 киши), бедарак йўқолган деб топилган ва қидирувдаги Украина ҳарбийлари (48) ҳам бор.
Украина Омбудсмани Дмитрий Лубинецнинг таъкидлашича, 230 нафар украиналик маҳбус "аллақачон ватанида".
Россия Мудофаа вазирлиги эса Россия Қуролли кучларининг 248 нафар ҳарбий хизматчиси Украина асирлигидан қайтганини маълум қилган.
Вазирлик ушбу асир алмашинуви "БААнинг гуманитар характердаги воситачилик иштироки” туфайли амалга ошганини қайд этган.
Маълумот учун, уришаётган томонлар ўртасидаги асирлар алмашинуви ўтган йилнинг ёзидан бери илк марта амалга оширилмоқда.
LiveБарчаси