Украина ва Россия асирларни алмашди
Олам
−
14 Август 3468 2 дақиқа
Бугун, 14 август куни Украина ва Россия навбатдаги асирлар алмашинуви ўтказди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ва Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Президент Зеленскийга кўра, Украинага 84 киши ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари қайтган.
“Улар орасида 2014, 2016 ва 2017 йиллардан бери россияликлар томонидан ушлаб турилганлар ҳам бор, жумладан Мариуполь ҳимоячилари. Уларнинг барчасига тиббий ёрдам ва катта реабилитация зарур”, дея ёзган Зеленский.
Украина Асирлар ишлари бўйича координация штаби маълумотига кўра, озод қилинганлар орасида 33 нафар ҳарбий ва 51 нафар оддий фуқаро ҳам бор. Улар орасида Россияда 10 йилдан 18 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар ҳам бўлган. Масалан, 2019 йилда Донбассда қўлга олинган бошланғич синф ўқитувчиси ва 2016 йилда 18 ёшида ҳибсга олинган 27 ёшли йигит озод этилган.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳам 84 нафар россиялик ҳарбий асир қайтарилганини, ҳозир улар Беларусь ҳудудида психологик ва тиббий ёрдам олаётганини билдирган.
Ҳар икки томон ҳам алмашинувни ташкил этишда Бирлашган Араб Амирликларининг воситачилик ролини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, 23 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Чироғон саройида Россия ва Украина делегациялари ўртасида учинчи раунд музокаралари бўлиб ўтганди. Учрашувда улар Украина томонидан ушлаб турилган фуқаролар, хусусан Курск вилоятидаги 30 кишининг қайтарилиши, Россия яна Украинага 3 минг жасадни топшириши, ҳарбий асирлар алмашуви ҳақида келишувлар имзолаганди.
Live
Барчаси