Украина ва Польшанинг ораси бузилди

Олам

image

Украина ва Польша ўртасидаги муносабатлар ёмонлашди. Буни бугун, 2 август куни Польша Ташқи ишлар вазири ўринбосари Павел Яблонский ҳам тасдиқлади. 

Гап шундаки, 31 июль куни Польша Республикаси Президенти девонининг халқаро сиёсат бўлими бошлиғи Марчин Пшидач матбуотга берган интервьюсида Киев Варшавадан катта ёрдам олгани, Украина сўнгги пайтларда Польша ўйнаган ролини қадрлай бошлаши кераклигини айтган.

Ўша куни кечқурун Украина Президенти девони раҳбари ўринбосари Андрей Сибига Пшидачнинг мазкур баёнотини асоссиз ва “хиёнатга тенг” деб атаган. Украина Ташқи ишлар вазирлиги эса кеча, 1 август куни Польша элчиси Бартош Цихоцкийни чақиртирган. Учрашувда элчига Украинанинг Польша ёрдами учун ношукурлиги ҳақидаги баёнотлар “ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва бу қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат экани” айтилган.

Польша Ташқи ишлар вазири ўринбосари Аркадиуш Мулярчик ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Пшидачнинг баёнотлари фонида икки давлат ўртасидаги кескинликни изоҳлар экан, Польша ҳеч қачон Украинага ёрдам беришдан бош тортмагани, бошқа давлатлар эса унинг қулашини кутганини ёзган.

“Бошқа давлатлар Украинанинг қулашини кутаётган бир пайтда, Польша ҳеч қачон ёрдамдан бош тортмаган. Афсуски, бугунги кунда Киевда баъзи одамлар буни унутиб қўйди. Бу каби хатоларга йўл қўймаслик керак”, дейди у.

Ўз навбатида, Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий мамлакат элчисининг Украина Ташқи ишлар вазирлигига чақирилишини номақбул, деб атаган.

“Россия Украинага бостириб кирган куни Киевда қолган ягона Польша элчисини Украина Ташқи ишлар вазирлигига чақириш ҳеч қачон амалга оширилмаслиги керак эди”, деб ёзган сиёсатчи ижтимоий тармоқларда.

Кейинчалик Украинанинг Варшавадаги элчиси Василий Зварич ҳам Польша Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган. Бироқ Зварич Киевда бўлгани сабабли ТИВдаги учрашувга унинг ўринбосари борадиган бўлган.

Польша Ташқи ишлар вазири ўринбосари Павел Яблонский Украина элчихонаси вакили билан бўлажак учрашув ҳақидаги саволга жавоб берар экан, суҳбат самимий ва аниқ бўлишини айтган.

“Биз бугунги муносабатларимиз қандай кўринишга эга эканига ўз баҳоларимизни берамиз. Афсуски, сўнгги пайтларда айрим Украина расмийларининг баёнотлари туфайли алоқаларимиз унчалик яхши эмас. Буни ҳеч ким яширмайди" дейди у. 

Яблонскийнинг сўзларига кўра, бундай ҳолат Украинада маълум ҳис-туйғулар пайдо бўлганидан келиб чиққан. 

"Биз бунга тушунамиз, чунки, мамлакат ҳужумга учрамоқда. Лекин сиз иттифоқчиларингизга бундай муносабатда бўлолмайсиз", дея қўшимча қилган Яблонский.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Польша

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг