Украина уруш тугаши билан НАТОга кириши мумкин – элчи
Олам
−
20 Май 2022
7536Украинанинг Германиядаги элчиси Андрей Мельникнинг фикрича, мамлакат ўз ҳудудида “ҳарбий ҳаракатлар” тугатилганидан сўнг дарҳол Шимолий Атлантика альянсига аъзо бўлиши мумкин. Бу ҳақда дипломат “Redaktionsnetzwerk Deutschland” таҳририят ассоциациясига берган интервьюсида маълум қилди.
Дипломат Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қабул қилиниши Украинадаги вазиятнинг кескинлашувига олиб келмаслигига ҳам ишонч билдирган. Дипломатнинг сўзларига кўра, ҳозирги воқеалар “НАТО Европа ва бутун дунёда хавфсизликнинг ягона лангари эканлигини ва шундай бўлиб қолишини кўрсатади”.
“Шунинг учун бу кенгайиш жараёни давом этиши ва Украина ҳам иттифоққа қўшилиши мантиқан тўғри. Ва бу баъзилар ўйлагандан ҳам тезроқ содир бўлиши мумкинлигига ишонаман. Ҳозир эмас, уруш авжида, балки ундан кейин дарҳол”, деган Украина элчиси.
Унинг фикрича, Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиш қарори альянс жозибадорлигини сезиларли даражада оширади ва у Киев учун яхши янгиликдир.
“Умид қиламизки, бу имкон қадар тезроқ НАТОга аъзо бўлиш имкониятимизни ҳам оширади”, деган Мельник.
Шу билан бирга, у Болтиқбўйи давлатлари ва Польша “икки қўл билан” Украинанинг Шимолий Атлантика иттифоқига қабул қилиниши учун овоз беришига ишонч билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 май куни Финляндия ва Швециянинг НАТОдаги элчилари ўз давлатларининг альянсга кириши ҳақидаги аризаларини бош котиб Йенс Столтенбергга расман топширди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь