Украина Туркияга ҳарбийларини юбормоқчи

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Туркия ва Буюк Британияга украин ҳарбийларини юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси бугун, 22 сентябрь куни Олий Рада сайтида эълон қилинди.

Изоҳ хатида айтилишича, хавфсизлик билан боғлиқ вазият Украинадан бошқа давлатларда ҳарбийларни тайёрлашни талаб қилмоқда. Бироқ ҳозирча бу ишни денгиз йўли орқали амалга оширишнинг имкони йўқ, чунки Туркия 1936 йилги Монтро конвенциясига биноан Босфор ва Дарданелли бўғозларини урушаётган давлатларнинг ҳарбий кемалари учун ёпиб қўйган.

Қонун қабул қилинса, у миллий хавфсизлик ва мудофаа билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш имконини беради. Лойиҳа қуйидагиларни назарда тутади:

  • Туркияга – Украина ҳарбий-денгиз кучлари таркибидаги “Гетман Иван Мазепа” корвети жўнатилади. Унда хизмат қилувчи одатий (штатдаги) экипаж сони 106 нафар ҳарбийдан иборат бўлади.
  • Буюк Британияга – “Черкасси”, “Чернигов”, “Мариуполь”, “Мелитополь” ва “Геническ” номли қарши миналар кемалари юборилади. Ҳар бирининг экипажида 39 нафар ҳарбий бўлади. Шунингдек, Украина ҳарбий-денгиз кучлари флоти 1-дивизиони қарши миналар кемалари бошқармасидан яна 20 нафар ҳарбий юборилиши режалаштирилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, бу нафақат тайёргарлик жараёнларини, балки хорижий давлатлардан ҳарбий техникани олиш, бўлинмаларни тўлдириш ва техникадан фойдаланишга ўргатишни ҳам жадаллаштиради. 

Маълумот учун, Монтро конвенцияси 1936 йилда имзоланган халқаро битим бўлиб, Босфор ва Дарданелли бўғозлари орқали ҳарбий ва фуқаролик кемаларининг ўтишини тартибга солади. У Туркияга назорат ваколатини беради, нейтрал ва Қора денгиз бўйидаги давлатларнинг ҳуқуқларини белгилайди ва хорижий давлатларнинг ҳарбий кемалари оғирлиги ҳамда Қора денгизда қолиш муддатини чеклайди.

“Гетман Иван Мазепа” корвети эса Ада классидаги қарши сувости кемаси бўлиб, Туркия томонидан Украина учун Истанбулдаги кемасозлик заводида ясалган. 2024 йилнинг мартида украин ҳарбийлари унда хизмат қилиш учун тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Буюк Британия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг