Украина Туапсе денгиз портига ҳужум қилди
Олам
−
10 Ноябрь 6574 2 дақиқа
Бугун, 10 ноябрга ўтар кечаси Украина ҳарбийлари экипажсиз катерлар ёрдамида Қора денгиздаги энг йирик нефть юклаш терминалларидан бири жойлашган Туапсе денгиз портига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда Краснодар ўлкаси оператив штаби хабар берди.
Қайд этилишича, “нейтраллаштирилган” тўрт дрондан бири қирғоқ чизиғи яқинида портлаган.
“Зарба тўлқини икки қаватли уйнинг иккинчи қаватидаги ойналарни, гаражни ва қайиқ сақланадиган ангарни шикастлади”, дейилади штаб хабарида.
Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, ҳеч ким жабрланмаган, ҳодиса жойида махсус ва фавқулодда хизматлар ишламоқда. Шаҳар мэри Сергей Бойконинг айтишича, экипажсиз катерлар ҳужуми ярим тундан бошлаб қарийб саккиз соат давом этган. Украина дронлари портда турган кемалардан бирига зарба берган бўлиши мумкин. Хужум оқибатида портдаги кемада ёнғин чиққан. “Dnipro Osint” томонидан таҳлил қилинган сунъий йўлдош суратларига кўра, экипажсиз катерлардан бири 167-рақамли бандаргоҳ яқинида портлаган.
Украина Қуролли кучларининг Туапсе портига аввалги ҳужуми жорий йилнинг 2 ноябрга ўтар кечаси содир бўлган. Ўшанда портдан 8 км узоқликдаги нефть терминали инфратузилмаси ва бандаргоҳда турган танкер дрон парчалари тушиши оқибатида зарар кўрган ва ёниб кетган. Ҳужум оқибатида икки хорижий фуқаролик кемаси ҳам шикастланган. Сунъий йўлдош суратлари денгиз қирғоғида узунлиги тахминан 3,6 км бўлган нефть сизиб чиқишини кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина қўшинлари Саратов вилояти ҳудудига дрон орқали ҳужум уюштирганди. Ҳужум оқибатида “Роснефть” корпорациясига тегишли Саратов нефтни қайта ишлаш заводи зарбага учраган.
Live
Барчаси