Украина Саратовга дрон ҳужуми уюштирди

Олам

image

Украина қўшинлари бугун, 3 ноябрга ўтар кечаси Саратов вилояти ҳудудига дрон орқали ҳужум уюштирди. Бу ҳақда бир қатор Россиядаги Telegram-каналлар хабар берди. 

“SHOT” манбасига кўра, Саратов ва Энгельс шаҳарларида аҳоли ҳаво ҳужуми сиреналарини эшитган ва ҳаво мудофаа тизимлари ишлаганини хабар берган. “ASTRA” канали маълумотига кўра, ҳужум оқибатида “Роснефть” корпорациясига тегишли Саратов нефть қайта ишлаш заводи зарбага учраган.

Украин манбалар Telegram’да заводга зарба берилган лаҳзаларни акс эттирувчи видеоёзувларни тарқатди. Мониторинг лойиҳалари Dnipro Osint ва Exilenova+ хабарига кўра, ҳужум оқибатида заводнинг АВТ-6 қурилмаси атрофида ёнғин чиққан. Яна бир дрон пентан-гексан фракциясини изомеризация қилиш қурилмасини уришга уринган, аммо антидрон тўри уни тўхтатган.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, кечаси Саратов вилоятида 29 та, Ростов вилоятида ҳам шунча дрон йиқитилган. Волгоград вилояти осмонида 4 та, Белгород ва Ставрополь ҳудудларида эса биттадан дрон аниқланган.

Саратов вилояти ҳокимияти ҳужум хавфи туфайли ҳаво ҳушёрлигини эълон қилган, аммо ҳозирча зарар ва жабрланувчилар ҳақида маълумот бермаган. 

“Саратов аэропортида парвозлар вақтинча тўхтатилган, аммо ҳозирда фаолият одатий ҳолда давом этмоқда”, деди Росавиация вакили Артём Кореняко.

Бу ҳужум куз мавсуми бошланганидан бери заводга қилинган тўртинчи зарба бўлиши мумкин. Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотига кўра, завод аввалроқ 16 октябрь, 20 сентябрь ва 16 сентябрда ҳам ҳужумга учраган.

Саратов нефть қайта ишлаш заводи бензин, дизель ёқилғиси, мазут ва 20 дан ортиқ турдаги нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Украина Бош штабига кўра, ушбу корхона Россия қуролли кучларининг эҳтиёжларини таъминлашда иштирок этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Саратов Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг