Украина тинчликка тайёр бўлгунча кутамиз – Путин

Олам

image

Киев ҳозир музокаралар учун вақт эмас, деб ҳисоблаётган бўлса, Москва кутишга тайёр. Бу ҳақда бугун, 1 август куни Россия Президенти Владимир Путин беларуслик Александр Лукашенко билан Валаамдаги учрашув чоғида сўз очди.

“Аслида кутиш мумкин, агар Украина раҳбарияти ҳозир вақт эмас, кутиш керак, деб ҳисоблаётган бўлса, биз кутишга тайёрмиз”, деган Владимир Путин. 

Путиннинг фикрича, Россия ва Украина можаросига тинч йўл билан ечим топиш учун атрофлича мулоқот олиб бориш керак, лекин бу очиқ-ошкора амалга оширилмаслиги зарур. 

“Барча ҳафсаласи пир бўлишлар ортиқча умидлар сабаб юз беради”, дея қўшимча қилган Россия Президенти. 

Унинг сўзларига кўра, Россия Украина бўйича ўз мақсадларини бир йил олдин белгилаган. Владимир Путин Украинада вақтинчалик эмас, балки узоқ муддатли тинчликка эришиш тарафдори эканини таъкидлаган. 

Россия раҳбари, шунингдек, Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган музокараларни ижобий баҳолаган. 

“Мен буни умуман ижобий баҳолайман. Ахир юзлаб одамлар ўз юртига қайтди. Гуманитар нуқтаи назардан биз ҳалок бўлган украиналик аскарларнинг жасадларини минглаб сонларда топширдик, жавобан эса ўнлаб бизнинг ҳалок бўлганларимизни олдик”, деган Путин. 

Маълумот учун, 23 июль куни Истанбулда Украина ва Россия делегациялари ўртасидаги музокараларнинг учинчи раунди бўлиб ўтди. Истанбулдаги музокараларнинг учинчи раундидан сўнг Украина делегацияси раҳбари Рустам Умаров Владимир Зеленский ва Владимир Путин ўртасидаги учрашувни август ойи охиригача ўтказишни таклиф қилганини айтди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 24 июль куни бу сценарийни даргумон деб атади. Унинг сўзларига кўра, саммит тинчлик музокаралари якунида, “бу музокаралар натижалари қайд этилиши учун барча ишлар амалга оширилган”дагина мумкин бўлади.

Бироқ 25 июль куни Зеленскийнинг ўзи россияликлар “энди суҳбатларда бу ҳақда гапира бошлагани, бу аллақачон қандайдир учрашув форматига ўтиш эканини” айтди. Бунга жавобан Песков яна август ойида саммит бўлмаслигини айтди, чунки “юқори даражадаги учрашув келишувга якуний нуқта қўйиши мумкин ва керак”.

Эслатиб ўтамиз, беларуслик Александр Лукашенко бугун, 1 август куни Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиш учун Санк-Петербургга боргани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг