Украина Сочидаги ҳаво мудофааси ва нефть заводига зарба берди (видео)
Олам
−
15:36 1101 2 дақиқа
Украина дронлари бугун, 4 сентябрга ўтар кечаси Россиянинг Краснодар ўлкасидаги Сочи шаҳри ва Сириус посёлкасига ҳужум қилди. Зарба оқибатида нефть базаси ҳудудида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Нашрга кўра, нефть базаси қайси компанияга тегишли экани расман маълум қилинмаган. Бироқ “Астра” нашри ушбу объект Адлер туманида жойлашган “Роснефть-Кубаньнефтепродукт” компаниясига қарашли эканини ёзган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида жабрланганлар йўқ. Шунингдек, бир нечта тураржой бинолари ва бошқа иншоотларнинг ойналари шикастланган. Ҳужумдан сўнг Сочи осмонида қора тутун кўринган.
Украинанинг мониторинг Telegram-каналлари маълумотларига кўра, дронлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига ҳам ҳужум қилган. Улар С-300 ёки С-400 зенит-ракета мажмуалари нишонга олинганини билдирган.
“Астра” нашри гувоҳларнинг фото ва видеоларига таяниб, зарбалардан бири Сириус посёлкаси яқинидаги Псоу дарёси ҳудудига тушганини ёзган. Мазкур ҳудудда С-300 ёки С-400 мажмуалари билан жиҳозланган ҳаво ҳужумидан мудофаа дивизиони жойлашган. Зарба берилган жойда ёнғин бошланган. Бироқ маҳаллий ҳокимият ва Россия Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа объектига зарба берилгани ҳақида маълумот бермаган.
Шунингдек, маълумотларга кўра, дронлар Бошқирдистондаги “Стерлитамак” нефть-кимё заводига ҳам ҳужум қилган. Бундан ташқари, мудофаа саноатига қарашли “Авангард” федерал давлат корхонасига ҳужум уюштирилгани маълум қилинган. Маҳаллий расмийлар бу ҳужумлар ҳақида хабар бермаган. Кечаси Бошқирдистон ҳудудида ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинлари Киевдаги университетлардан бирига дарслар давом этаётган пайтда “Шаҳед” дронлари билан зарба берган эди.
Live
Барчаси