Украина Россия учирган 20 та дрон ва иккита қанотли ракетани уриб туширди
Олам
−
13 Июль 2023
5522Бугун, 13 июль куни Украина миллий ҳаво кучлари Россиянинг 20 та ҳужумчи учувчисиз самолётлари ва иккита қанотли ракетасини уриб туширди. Бу ҳақда Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари матбуот котиби Юрий Игнат маълум қилди.
“Биз ҳаво ҳужумидан мудофаа операциясини муваффақиятли амалга оширдик. Йигирмата Shahed йўқ қилинди. Келган ҳамма нарса отиб ташланди”, деган Юрий Игнат миллий телевидениедаги чиқишида.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг Telegram’да эълон қилинган алоҳида баёнотига кўра, Эронда ишлаб чиқарилган 20 та Shahed ҳужумчи дронлари “асосан Киев вилоятида” йўқ қилинган.
Тунги ҳужум оқибатида Киевда бир киши ҳалок бўлган ва камида тўрт киши яраланган. Киев ҳарбий маъмуриятининг билдиришича, дронлар пойтахтга турли йўналишлардан учиб келган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари шаҳар ҳаво ҳудудида ўнга яқин дронларни йўқ қилган.
Хабарда айтилишича, шаҳарнинг беш туманида дрон қолдиқлари қулаган. Бунинг оқибатида 19 ёшли қиз ва 23 ёшли йигит яраланиб, шифохонага ётқизилган. Дарницкий туманида ҳам икки киши дрон қулаши оқибатида тан жароҳати олган.
LiveБарчаси