Украина ракета зарбалари ортидан Европага электр энергия сотишни тўхтатди

Олам

image

Украина энергетика объектлари Россия томонидан ўққа тутилгани сабабли 11 октябрдан бошлаб электр энергияси экспортини тўхтатди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

“Иссиқлик ишлаб чиқариш ва электр подстанцияларига талафот етказган бугунги (10 октябрь) ракета ҳужумлари Украинани ўз энергия тизимини барқарорлаштириш учун 2022 йил 11 октябрдан электр энергияси экспортини тўхтатишга мажбур қилмоқда”, дейди Украина Энергетика вазири Герман Галушченко.

Украина Европа Иттифоқига, алоҳида тармоқлар орқали Польша ва Молдовага электр энергияси етказиб бераётганди. Энергетика вазирлиги янги зарбаларни Россиянинг Европага электр етказиб беришга тўсқинлик қилишга уриниши деб изоҳлади.

Эслатиб ўтамиз, Россия бугун, 10 октябрь куни Киев маркази, Киев вилояти, Днепр, Ивано-Франковск, Харьков, Хмелницкий, Кировоград, Львов, Николаев, Суми, Тернопол,  Винница, Запорожье ва Житомир вилоятларини кучли ракета зарбаларига дучор қилди. Украина бутун мамлакат бўйлаб ҳаво огоҳлантиришини эълон қилди. 

Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Ростислав Смирновнинг айтишича, камида 14 киши ҳалок бўлган, 60 га яқин киши жароҳатланган.

Маҳаллий Telegram каналлари хабарига кўра, портлашлар Украина хавфсизлик хизмати маъмурияти биноси ҳудудида, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Володимирська кўчасидаги кабинетларидан бирида содир бўлган. Киев метросида қизил чизиқда поездлар ҳаракати тўхтатилди, барча ерости станциялари бошпана сифатида ишлайди. 

Россия Президенти Владимир Путин 10 октябрь куни Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан бўлиб ўтган тезкор йиғилишда Украинадаги ҳарбий қўмондонлик, энергетика ва алоқа объектларига оммавий зарба берилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

132

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made