Украина Петербургга дронлар билан бомба “ёғдирди”. Қурбон бор
World
−
19:01 879 2 minutes
Бугун, 18 октябрь куни Украина Россияга қарши 1 000 дан ортиқ дрон билан ҳужум қилди. Оқибатда Санкт-Петербургдаги нефть экспорт терминали ва нефть базасида ёнғин чиқди, бир киши ҳалок бўлди, беш киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Санкт-Петербург губернатори Александр Бегловнинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида шаҳардаги Петербург нефть терминали ва “Ручи” нефть базасида ёнғинлар юзага келган. Шунингдек, Россиянинг Ozon савдо компаниясига қарашли логистика маркази ҳамда маҳаллий технология компанияси VK’нинг маълумотлар маркази ҳам нишонга олинган. Ҳар икки компания ҳужумга учраганини тасдиқлаган.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, бугун, 18 октябрь куни мамлакатнинг 15 та ҳудуди, Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яримороли ва Қора денгиз устида жами 1 015 та Украина дрони уриб туширилган.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ТАССга берган интервьюсида Украина Москванинг “босқинига қаршилик кўрсатаётганини”, бироқ воқеаларнинг ҳозирги ривожини ўзгартира олмаслигини айтган.
Айни вақтда Россия Украинага ҳам ҳужум қилган. Украина расмийларига кўра, мамлакат жанубидаги Запорожье шаҳрига уюштирилган иккита ҳужум оқибатида бир аёл ҳалок бўлган, камида икки киши, жумладан, 6 ёшли қиз жароҳатланган.
Запорожье вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Михаило Семикиннинг билдиришича, ҳужумлар оқибатида иккита кўп қаватли уй, 18 та автомобиль ва таълим муассасаси зарар кўрган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинада АҚШда ишлаб чиқарилган Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар тугагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All