Украина мудофаа секторида энг хавфли паллада ихтилоф юзага келди – WP 

Олам

image

Россия билан урушнинг энг хавфли нуқтасида Украина мудофаа сектори жиддий беқарорликка учради. Бу ҳақда “The Washington Post” нашри хабар берди.

“Украина мудофаа соҳасидаги можаро мамлакат учун ноқулай бир пайтга тўғри келмоқда, айниқса, Президент Дональд Трамп даврида АҚШнинг ҳарбий ёрдами ноаниқ бўлиб турган бир вақтда”, дейилади хабарда.

WP маълумотларига кўра, Украина Мудофаа вазирлигидаги юқори лавозимли амалдорлар ўртасида юзага келган можаро Вашингтоннинг Киевга қўшимча ҳарбий ёрдам ажратиши борасида шубҳаларни кучайтирган. Бу можаро, шунингдек, Украинадаги коррупция хавотирларини янада жонлантирган.

Нашрга кўра, ушбу можаро фонида 7 миллиард доллардан ортиқ бюджетга эга Мудофаа харидлари агентлиги (МХА) фаолияти ўтган ҳафта давомида тўхтатилган. Бунга асосий сабаб агентликни ким бошқариши кераклиги бўйича юзага келган келишмовчиликлардир. Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров агентлик директори Марина Безрукова фаолиятини “қаноатланарсиз” деб баҳолаган ва унинг шартномаси узайтирилмаслигини маълум қилган.

Айни вазият Европа давлатларини ҳам саросимага солган. Улар аввал Мудофаа харидлари агентлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилган бўлса-да, ҳозирда бу агентликни ким бошқариши номаълум вазиятда қолмоқда. Шу билан бирга, нашрга кўра, Марина Безрукова лавозимини тарк этишдан бош тортган ва агентликда ишлашда давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швеция Мудофаа вазири Пол Йонсон Украинага умумий қиймати 1,23 миллиард АҚШ доллари бўлган ёрдам пакетини эълон қилган эди. Бу Россия босқини бошланганидан бери Стокгольм томонидан берилган 18-ёрдам пакети бўлиб, маблағ миқдори бўйича энг каттаси ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина мудофаа сектори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг