Украина Москва нефтни қайта ишлаш заводига зарба берди

Олам

image

Бугун, 11 март куни Украина дронлари Россиянинг Украинага қарши тажовузини таъминлашга жалб қилинган қатор стратегик объектларини, жумладан Капотнеда жойлашган Москва нефтни қайта ишлаш заводини нишонга олди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штаби баёнот берди.

Украина ҳарбийлари маълумотига кўра, дронлардан бири “Газпромнефть” нефтни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш қувватларига зарба берган. Ушбу завод йилига 11 миллион тонна нефтни қайта ишлайди ва Москвадаги дизель ҳамда бензин истеъмолининг 50 фоизини таъминлайди. 

Ҳозирча бу маълумот мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган. Бироқ “Mash” Telegram-канали Капотнедаги ўрмон боғ ҳудудида дрон қолдиқлари топилгани ҳақида хабар берган. Унга кўра, объектга етказилган портловчи моддалар ишламаган. Шунингдек, завод атрофидаги йўллар вақтинча ёпилган.

Украина Бош штаби, шунингдек, Орлов вилоятидаги “Стальной конь” линияли ишлаб чиқариш-диспетчерлик станциясида портлашлар содир бўлганини маълум қилган. Ушбу станция Россиядан “Дружба” нефть қувури орқали Европага, хусусан “Усть-Луга” портига йўналтирилган ёқилғи етказиб бериш жараёнини бошқаради. 

ВЧК-ОГПУ канали тунда Украина дронлари Орлов вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум уюштирганини хабар қилган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, зарба берилган жойда ёнғин бошланган. Украина дронлари 2024 йил декабрь ойида ҳам ушбу нефть инфратузилмаси объектига икки бор ҳужум қилган. 

Маълумот учун, бугун, 11 март куни Россияга қилинган энг йирик дрон ҳужумларидан бири оқибатида уч киши ҳалок бўлди, 20 киши жароҳатланди. Шунингдек, Белгород вилоятининг Шебекино шаҳрида жойлашган бўёқ ва лак ишлаб чиқарувчи заводда йирик ёнғин содир бўлди. Дастлаб, бу ҳақида “Пепел Белгород” нашри хабар берди, кейинроқ вилоят губернатори Вячеслав Гладков ҳам маълумотни тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, дронлар билан зарба берилиши оқибатида завод омборининг 700 квадрат метр майдонида ёнғин келиб чиққан. Губернаторнинг айтишича, заводнинг тикланиши учун Россия ҳукумати ёрдам ажратади.

Шунингдек, “Astra” нашрининг хабарига кўра, яна бир дрон Москва вилоятининг Серпухов шаҳрида жойлашган “Ока-центр” нефть базасига ҳужум қилган. “Mash” канали маълумотига кўра, дрон қолдиқлари завод ҳудудига тушган, аммо ёқилғи сақлаш сиғимларига зарар етмаган. Кейинчалик маҳаллий ҳокимият органлари объектда ёнғин чиққанини, аммо тезда ўчирилганини маълум қилган.

Ушбу ҳужумларга Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши ҳузуридаги Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко ҳам муносабат билдирган. У бу ҳужумни “Путинга ўт очишни тўхтатиш зарурлиги ҳақида сигнал” деб атаган.

“Дронлар фақат нефтни қайта ишлаш заводларига эмас, балки Москвага ҳам доимий равишда учиб бориши мумкин”, деган Коваленко.

Россия Мудофаа вазирлиги эса Украина томонидан “урушни давом эттириш қобилиятини намойиш қилиш” ва “фуқаролик инфратузилмасига оммавий зарба бериш” ҳаракати амалга оширилганини билдирган. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, кечаси Россия ҳудуди узра 343 та Украина дрони уриб туширилган, жумладан Курск АЭС ҳудуди яқинида олти дрон йўқ қилинган.

Сўнгги кечада Москва шаҳри ва Москва вилояти 300 дан ортиқ Украина дронлари томонидан ҳужумга учраган. Москва мэри Сергей Собяниннинг сўзларига кўра, пойтахт яқинида 74 та дрон уриб туширилган, яна юзлаб ҳужумкор дронлар Москва вилоятининг турли ҳудудларида йўқ қилинган. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги 20 киши, жумладан уч нафар боланинг жароҳатланганини маълум қилган. Ҳужум оқибатида “Мираторг” компаниясининг уч ходими ҳалок бўлган. Улар Домодедово округи, Ям қишлоғида жойлашган дистрибьютор маркази автотураргоҳида бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Москва шаҳри ва унинг атрофига Украина дронлари оммавий ҳужум уюштириши оқибатида 1 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Рязань ва Тула вилояти расмийлари ҳам дрон ҳужумлари қайтарилгани ҳақида хабар берган. Белгород губернатори Вячеслав Гладковнинг айтишича, дронлар вилоятнинг бир қанча ҳудудларига ҳужум қилган. Хусусан, Красная Яруга қишлоғида электр узатиш линиялари зарар кўрган, Валуйки шаҳрида уй ёниб кетган, Гороврон тумани, Доброе қишлоғида бир хусусий уй ва тўртта автомобилга зарар етган.


Мақола муаллифи

Теглар

Москва Украина нефт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг