Украина Курскнинг 1300 км кв майдонини назорат қиляпти – Зеленский
Олам
−
06 Сентябрь
4492Украина Россия Федерациясининг Курск вилоятидаги 1300 квадрат километр майдонни, шу жумладан юздан ортиқ аҳоли пунктларини назорат қилмоқда. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Германияда бўлиб ўтган Украина мудофааси бўйича Рамштейн форматидаги алоқа гуруҳининг 24-йиғилишида сўз очди.
Зеленскийнинг таъкидлашича, Россия раҳбари “Суми шаҳрига янги ҳужум уюштиришни режалаштирган, бироқ Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги амалиёти унинг режаларини барбод қилган”.
“Россиянинг Курск вилоятида операциямиз бошланганига бугун роппа-роса бир ой бўлди. Бу Путин урушни Украина ҳудудларига кенгайтиришга тайёрланаётган чегара ҳудуди. У бизнинг Суми шаҳримизга янги ҳужум уюштирмоқчи эди. Бироқ, биз унинг олдини олдик ва бизнинг қарши ҳужумимиз туфайли рус қўшинларини ўз ҳудудларига сиқиб чиқармоқдамиз. Бу ҳудуднинг катта қисми Россия қўшинлари томонидан шунчаки ташлаб кетилган ва улар бизнинг кучларимиз яқинлашаётганини кўриб, орқага чекинган. Албатта, жангларда ҳудуднинг салмоқли қисми қўшинларимиз томонидан босиб олинди”, дейди Зеленский.
Шунингдек, у Россиянинг Курск вилоятидаги операция “Путиннинг ҳақиқий ниятини” кўрсатганини таъкидлади.
“Курск вилоятидаги операцияга қарамай, Россия армияси ўзининг энг жанговар бўлинмалари жанг қилаётган Донбассда ҳужумларини давом эттирмоқда. Путин Россия хавфсизлигини таъминлашдан кўра, Украинани босиб олишдан кўпроқ манфаатдор. Уни рус тупроғи ҳам, одамлари ҳам қизиқтирмайди”, дейди Зеленский.
LiveБарчаси