Украина қандай зарядланди?
Таҳлил
−
17 Август
181382022 йилнинг 24 февралида Россия қўшинлари Украина ҳудудига зулм ҳокимияти рамзи бўлган СССР байроғи қадалган танклар билан кириб келганди. Аммо орадан 2 ярим йил ўтиб, жорий йилнинг август ойи бошларида Россия ҳудудида энди Украина байроғи қад ростлади. Россиянинг Украинага босқини жараёнида фронтда туб ўзгаришлар рўй берди. 2 ярим йилдан буён мудофаа позициясида ҳаракатланган Украина Қуролли кучлари урушда кутилмаган бурилиш ясади. Расмий Киев босқинга босқин билан жавоб бериш орқали Кремль юзига кўзгу тутди ва улар эндиликда урушнинг оғриғини Россия ўз танасида ҳис қилиши учун жиддий юриш бошлади. Ортда қолган кунларда Россиянинг Украина билан чегарадаги Курск вилоятида нималар содир бўлаётгани, Украина ҳарбийлари мазкур вилоятда қанча аҳоли пунктини қўлга киритгани, айни дамда умумий ҳисобда қандай катталикдаги ҳудудни назорат қилаётганидан бутун дунё ҳайратда. Аммо воқеалар ривожи шу тахлит давом этар экан, бир савол барчани бирдек ўйлантирмоқда. Украина қўшинлари Россия ҳудудларини босиб олиши шунчаки тасодифми ва бу ҳудудларни қанча пайтгача ўз назоратида ушлаб тура олади? Айни дамда Курскнинг Украина байроғи остидаги ерлари қанча пайт ушлаб турилишини билмадик-у, лекин Александр Сирский бошчилигидаги кучлар Россия ерларига қадам қўйиши тасодиф эмасдек кўринади. Украинанинг фронтдаги қайтадан тирилиши ва Кремлни шок ҳолатга тушириши ортда қолган ярим йил давомида Киев сиёсий элитасидаги йирик ўзгаришлар ва Коллектив Ғарбнинг қўллов сиёсатидаги кескин бурилишлар меваси бўлиши мумкин. Қуйида эса бугун Путинни эсанкиратган Курск воқеасининг асосий омили бўлмиш Украинанинг қайта зарядланиши қандай рўй берганига батафсил тўхталамиз.
Муваффақиятли тозалаш
2023 йилнинг сўнгги кунлари. Украинадаги тушкунлик ва умидсизлик ўзининг энг юқори чўққисига етди. Шу йилнинг ёз-куз ойларида Украина Қуролли кучлари Россия томонидан босиб олинган ҳудудларнинг муҳим қисмини қайтариб олиш учун бошлаган қарши ҳужуми муваффақиятсиз тарзда якунланди. Мамлакат дефолт ёқасида бўлиб, бир қарашда деярли фаил стате ҳолатидаги давлатни эслатарди. Вазият мураккаб тус олган пайтда дард устига чипқон бўлиб, мамлакат Қуролли кучлари Бош қўмондони ва Президент ўртасида низо келиб чиққани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Бу гап-сўзлар ҳақиқатга анча яқин эди. 2024 йил бошида “Reuters” агентлиги Украина бошқарувидаги манбаларга таяниб, Бош қўмондон Валерий Залужний ва Президент Владимир Зеленский ўртасида уруш олиб боришнинг келажакдаги стратегияси, шунингдек, бир қатор бошқа масалалар бўйича келишмовчиликлар мавжуд, дея хабар берди. Манбалардан бирига кўра, Зеленский ва Залужний ўртасида қўшимча чақирув масаласида ҳам келишмовчиликлар юзага келган, бу вақтда генерал 500 минг кишини сафарбар қилишни таклиф қилган. Бироқ олдинги йилдаги муваффақиятсиз қарши ҳужумдан ҳафсаласи пир бўлган ва Залужнийга нисбатан ишончи тугаб бораётган Зеленский бу таклифни рад этган. Икки йирик фигура ўртасида жиддий қарама-қаршилик старт олган. Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 1 февраль куни Залужний Американинг CNN телеканали сайтида мақола чоп этиб, унда Украина раҳбарияти етарлича аскарни сафарбар эта олмагани мағлубиятнинг асосий сабабларидан бири эканлигини даво қилган. Шундан сўнг, Ғарб ва Украина оммавий ахборот воситалари Зеленский Залужнийдан истеъфога чиқишни илтимос қилгани, аммо Бош қўмондон Президентнинг бу илтимосини рад этгани ҳақида гапира бошлади. Орадан 2 кун ўтиб, 3 февралда “Reuters” АҚШ Президенти маъмуриятидаги манбаларга таяниб, Украина расмийлари Вашингтонни мамлакат Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни ишдан бўшатиш режалари ҳақида огоҳлантиргани ҳақида хабар берди. Бироқ Оқ уй амалдорлари Украина бўйича суверен қарорлар қабул қилиш фақат ва фақат Украинанинг ўзига боғлиқлиги ва бунинг учун АҚШдан рухсат сўраш шарт эмаслигини маълум қилган. Оқ уй томондан “яшил чироқ” ёқилгач, Зеленский дарҳол ишга киришади. Орадан бир сутка ўтиб, 4 февраль куни Украина Президенти Владимир Зеленский ва ниҳоят бу масала бўйича ёрилди ва мамлакат Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни алмаштиришни ўйлаётгани хусусида Италия телеканалларининг бирига берган интервьюсида сўз очди. У нафақат ҳарбий соҳада, балки бошқа соҳаларда ҳам давлатнинг айрим етакчи амалдорларини алмаштиришни назарда тутганини айтди. Президентнинг аниқлик киритишича, гап "мамлакат машинасини бошқарадиган" бутун бошқарув гуруҳи ҳақида кетаётганди.
“Мен қайта ишга тушириш ва кадрлар алмашинуви ҳақида гапирганда, бир кишига эмас, балки мамлакат раҳбариятининг йўналишига тааллуқли жиддий нарсани назарда тутяпман”.
Бу орада эса мунозаралар ҳамда Зеленский ва Залужний ўртасидаги савдолашиш жараёни авж олганди. “The Economist” журнали бир муддат илгари Зеленский Залужний билан учрашув ўтказгани ва Президент генералга уни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарори ҳақида маълум қилгани ҳамда уни Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби лавозимига ёки Европадаги бирон бир давлатга элчи бўлишни таклиф қилгани ҳақида хабар берди. Аммо Бош қўмондон Президентнинг бу таклифларини қатъий тарзда рад этган. Манбага кўра, Залужнийнинг ўрнини Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов эгаллаши керак бўлган. Бироқ у ҳам охирги лаҳзада мамлакат Қуролли кучлари бош қўмондони лавозимини эгаллашдан бош тортган. Буданов бўлмаса бошқаси. Ўша пайтда Залужнийнинг ўрнига яна бир эҳтимолий номзод бор эди. Бу Украина Қуролли кучларнинг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони Александр Сирский эди. Залужнийни ўйиндан чиқариш учун Зеленскийга бир ҳафта етарли бўлди. Жорий йилнинг 8 февраль куни Украина Президенти Владимир Зеленский Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни ишдан бўшатди ва унинг ўрнига кутилганидек Александр Сирский тайинланди.
“Бугундан бошлаб Украина Қуролли кучларини янги жамоа бошқара бошлайди. Мен генерал-полковник Сирскийни Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони этиб тайинладим”, дейди Зеленский видеомурожаатида.
Янги тайинловни эълон қилган мурожаатида Зеленский Александр Сирскийни яхшигина PR қилди. У ҳарбий мулозимни энг тажрибали украиналик қўмондон деб атади ва у уруш бошида Киевни муваффақиятли мудофаа қилишга, кейин эса 2022 йил кузида Харков вилоятида муваффақиятли ҳужумга қўмондонлик қилганини айтди. Украина армиясидаги қон алмашиш жараёни шу тарзда бошланди.
“Бахмут қассоби” – Александр Сирский
Александр Сирский Россияда – 1965 йил 26 июлда Владимир вилояти, Киржачский тумани Новинки қишлоғида туғилган. Москва олий қўшма қурол қўмондонлик билим юртини тамомлаган. Хизматни 1986 йилда Совет армияси сафларида мото ўқчилар отряди командири сифатида бошлаган. Мустақилликдан кейинги даврларда, хусусан, 2000-2002 йилларда у Украина Қуролли кучларининг Белой Серквдаги (Киев вилояти) 72-алоҳида механизациялашган дивизияси штаб бошлиғи ва қўмондоннинг биринчи ўринбосари бўлган. 2007 йилда Сирский штаб бошлиғи – Украина Қуролли кучлари Бирлашган Оператив Қўмондонлиги қўмондони биринчи ўринбосари этиб тайинланган. Орадан 4 йил ўтиб, бир муддат Украина Қуролли кучлари Бош штабининг Ҳарбий ҳамкорлик ва тинчликпарварлик операциялари бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган. Александр Сирский 2013 йилда Украина Қуролли кучлари Бош қўмондонлик маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган ва NATO билан ҳамкорликни назорат қилган, хусусан, Украина Қуролли кучларини альянс стандартларига мослаш бўйича музокараларда Украина томонидан вакиллик қилган. 2014 йилда Украина шарқида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг Террорга қарши операция қўмондони ўринбосари этиб тайинланган. 2015 йил бошида у Донетск ва Луганск вилоятларидаги Террорга қарши операция бошлиғининг биринчи ўринбосари – штаб бошлиғи лавозимини эгаллайди. Россиянинг ҳужуми бошланиши билан у қуруқликдаги қўшинлар қўмондони бўлган. У Украина Қуролли кучлари учун муваффақиятли операцияларни – Киевни мудофаа қилиш ва 2022 йил кузида Харков вилоятидаги ҳужумни бошқарган. Харков ҳужумидан сўнг Александр Сирский Залужнийнинг ўрнини босиши мумкинлиги ҳақида гаплар тарқала бошлаган. 2023 йилда Сирский Украина Қуролли кучлари учун унчалик муваффақиятли бўлмаган Бахмут учун жангларга қўмондонлик қилди. Сирский ушбу операциядаги катта йўқотишлар туфайли “Бахмут қассоби” лақабларини олди. Александр Сирский ташаббуси билан Украина Қуролли кучларида NATO намунасидаги захира тайёрлаш тизими жорий этилган ва қуруқликдаги қўшинлар қўмондонлиги таркибида учта ихтисослаштирилган қўмондонлик ташкил этилган. 58 ёшли Сирский оддий жангчилар орасида унчалик машҳур эмас. Уларнинг кўпчилиги уни Бахмутда узоқ вақт давомида чекинишга рози бўлмаган ҳолда ўз қўшинларини қирилиб кетишига сабабчи бўлган “совет услубидаги қўмондон” деб билишарди. Аммо бу пайтда Сирскийнинг ҳарбий амбициялари ва олдинда турган сенсацион натижалари ҳали ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди.
Янги Украина армияси
8 февраль куни Александр Сирский билан бошланган таркибдаги ўзгаришлар кейинги 48 ичида Сирский бошчилигида дарҳол давом эттирилди. Бу сафар жуда катта ва кенг масштабда. 10 февраль Украина Президенти Владимир Зеленский Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Сергей Шапталани ишдан бўшатди. Унинг ўрнига аввалроқ мамлакат қуролли кучларининг ҳудудий мудофаа кучларига раҳбарлик қилган генерал-майор Анатолий Баргилевич тайинланди. Бу ҳақда Зеленский видеомурожаатида маълум қилди. Зеленский Баргилевични ушбу урушнинг вазифалари ва Украина мақсадларини тушунадиган тажрибали одам деб таърифлади. Ушбу тайинлов эса Украина Қуролли кучларининг янги Бош қўмондони Александр Сирский таклифи билан амалга оширилган. Бундан ташқари, Украина Президенти Сирский ўз ўринбосарларини аллақачон танлаганини ҳам қўшимча қилди. У уларнинг исмларини айтмади, лекин барча йигитлар жанговар, профессионал эканини маълум қилди. Тарлибдаги ҳақиқий реформа бошланди. Орадан кўп ўтмай Залужнийнинг истеъфога чиқишига сабаб бўлган кадрлар ўзгаришининг тўлиқ рўйхати тармоқларга сиздирилди. Мутахассислиги – учувчисиз қурилмалар бўлган полковник Вадим Сухаревский ва техноинноватор полковник Андрей Лебеденколар Сирскийнинг ўринбосарлари этиб танлангани маълум бўлди. Уч бригада генерали Брагилевичнинг ўринбосарлари таркиби ҳам ўзгарди: Владимир Горбатюк (режалаштириш), Алексей Шевченко (логистика) ва Михаил Драпатий (кадрлар тайёрлаш). Владимир Зеленскийнинг буйруғи билан яна бир нечта асосий қўмондонлар алмаштирилди:
- Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Александр Павлюк қуруқликдаги қўшинлар бошлиғи бўлди.
- Бирлашган кучлар қўмондони Сергей Наев ўз лавозимидан четлаштирилди (унинг айтишича, у бу ҳақда ОАВдан билган). Унинг ўрнига денгиз пиёдаларининг собиқ қўмондони Юрий Содол тайинланди;
- Максим Миргородский ўрнига унинг штаб бошлиғи Игор Скибюк ҳаво-десант ҳужуми кучлари бошлиғи этиб тайинланди;
- Игор Плахута ҳудудий мудофаа кучлари қўмондони сифатида фаолият бошлади.
Аммо бу ўзгаришларнинг якуни эмас эди. Армиядаги тозалашларнинг кейинги тўлқини март ойига тўғри келди. Украина Президенти Владимир Зеленский Қуролли кучларни қўллаб-қувватлаш кучлари қўмондонини ҳам алмаштирди. Тегишли фармон Украина Президенти офисининг расмий сайтида эълон қилинди. Зеленскийнинг фармони билан Александр Яковетс Украина Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш кучлари қўмондони лавозимига тайинланди. Олдинги қўмондон Дмитрий Герега эса ишдан бўшатилди. Бригада генерали Александр Яковетс тайинловдан олдин Украина Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш кучларида муҳандислик қўшинлари бошлиғи эди. Яковетснинг сўзларига кўра, бу қўшинларнинг вазифаси қарши ҳужум учун шароитларни тайёрлашдир. Бундан ташқари, Украина Қуролли Кучларининг қўллаб-қувватловчи кучларига электрон уруш соҳасидаги қўшинлар, муҳандислик қўшинлари, радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари, ҳарбий топографик хизмат, гидрометеорология ва кинология хизматлар ҳам киради. Таркибдаги ўзгаришлардан сўнг навбат тизимга кўчди. Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат Қуролли кучлари Бош қўмондони Александр Сирскийга армиядаги ўзгаришлар учун карт-бланш ҳуқуқини берди. Бу – уруш вақтида тўлиқ ҳаракат эркинлиги ёки вариантлардан бирини шахсий қарорга кўра танлаш ҳуқуқи эди. Сирскийнинг таъкидлашича, ҳаракатлар ва буйруқлар бевосита қўл остидагиларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган алоҳида ҳолатларда қабул қилинади.
Бу орада эса Зеленский вақтинчалик сиёсатдан секингина сиқиб чиқарилган Залужнийнинг масаласига ҳам узил-кесил нуқта қўйди. Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси лавозими 2023 йил июль ойи ўрталаридан бери бўш турган эди. Олдинги элчи Вадим Пристайко Президент Зеленскийни танқид қилганидан сўнг ишдан бўшатилганди. Унинг ўрнига Украина Қуролли кучлари собиқ бош қўмондони Валерий Залужнийнинг номзоди мамлакатнинг Буюк Британиядаги элчиси лавозимига тасдиқланди.
ТИВ раҳбари Дмитрий Кулебанинг айтишича, Залужнийнинг Буюк Британияга элчи этиб тайинланиши мантиқий қадамдир.
“У 2020 йилда “Халқаро муносабатлар” бўйича магистр даражасини олган. Шунинг учун бу мантиқий қадам деб ўйлайман. Мен эса Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари сифатида Лондондаги бундай кучли натижадан манфаатдорман”, дейди вазир.
Бундан ташқари, ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, Залужний Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари билан парда ортидаги дипломатия шароитида Киевга кўп фойда келтиради. Вазирнинг таъкидлашича, “Глобал жануб” деб аталадиган кўплаб мамлакатларнинг элчихоналари Лондонда жойлашган, шунинг учун ҳам “у ерга дуч келган одам юборилмайди”. Шу ва шунга ўхшаш юпатишлар билан Залужний Киевдан узоқлаштирилди ва Украина жанг майдонига янги армия қайтди.
Армиядаги тозалашлардан сўнг, санитария ишлари Миллий хавфсизлик тизимида давом эттирилди. Зеленскийнинг тўхташ нияти йўқ эди. У йил бошида айтган мақсад ва режаларини бирин-кетин амалга оширишда давом этаётганди. Украина Президенти Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Даниловни лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги тегишли фармонни имзоланди. Алексей Данилов 2019 йил 3 октябрдан буён Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётганди. Таҳлилчиларнинг фикрича, кадрлар бўйича қарорлар Данилов хитойлик дипломатни ҳақорат қилгани билан боғлиқ воқеадан кейин қабул қилинган. Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби лавозимига эса 2021 йилдан бери Украина Ташқи разведка хизматини бошқариб келаётган 51 ёшли Александр Литвиненко тайинланди. Шундай қилиб на армияда, на хавфсизлик тизимида Зеленский хоҳламаган одам қолмади. Украина бошқарув аппарати жуда катта ўзгаришлар билан ёз ойига кириб келди. Аммо фронтдаги вазият ҳали ҳам оғир, Россиянинг Донбассга босқини туфайли мудофаа босими кундан кунга ортиб бораётганди.
Ғарб позициясининг ўзгариши
Украинага нисбатан қанчалик босим қилмасин, Россия урушдан кўзлаган мақсадларига ета олмаётган, Украина эса руслар томонидан қўйиладиган шартлар асосида музокаралар олиб боришга рози эмасди. Уруш эса нафақат ушбу икки славян давлатларининг тинкасини қуритди, балки жуда кўплаб мамлакатларнинг бир қанча соҳаларига жиддий зарар етказди. Икки йиллик ижобий кутиш ўз ишини бермади ва коллектив Ғарб юмшоқ таъсир чоралар қўллаш йўлидан эндиликда ўта жиддий ишларни амалга оширишга ўтди. Шу чоққача Украинага Ғарбдан етказиб берилган ҳар бир қурол учун улар фақат Украина ҳудудида қўлланилиши ҳақида шарт қўйиб келинарди. Россия ҳудуди эса бу масалада мутлақо табу ҳисобланар эди. Уруш иштирокчисига айланиб қолмаслик Ғарб учун устувор вазифа бўлиб, улар бу мақомдан доимий равишда масофа сақлаб келди. Бу қатъий масофа “қўрқув сукунати” дея баҳоланган тақдирда европалик сиёсатдонлар Украина-Россия масаласидаги қарорларини ўзгартирмайди. Бироқ жорий йилнинг ёз фаслида расмийларнинг позициясида кескин бурилишлар рўй берди. Кўҳна қитъада центрист мақомидаги Франция Президенти Эммануэль Макрон ушбу тенденцияни бошлаб берди. Уруш аввалида Ғарб учун иккита жиддий табу бор эди. Булар: Украинага қўшин юбормаслик ва юборилаётган қуролларнинг Россия Федерацияси ҳудудида қўлламаслик. Эндиликда эса урушнинг икки йили ортда қолиб, учинчи тақвим йили ҳам бошлангани Украинани ҳар томонлама қўллаб келаётган давлатлар томонидан ушбу можарога нисбатан ўз ёндашувларини қайта кўриб чиқишга олиб келди. Дастлаб ҳаммани ҳайратда қолдирган ҳолда Франция Президенти Эммануэль Макрон Украина ҳудудига француз қўшини юборилиши мумкинлигини шама қилди. Кейинчалик собиқ Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кемерон, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ва яна бошқа бир қанча Европа давлатлари расмийлари томонидан Украинага юборилаётган қуролларнинг Россияга зарба бериши мумкинлиги ҳақидаги баёнотлари бирин-кетин янграй бошлади. Бу эса Украина Россия ҳудудига тўғридан тўғри ўт очиш эҳтимолини тубдан оширди.
Май ойининг ўрталарида Украина делегацияси АҚШ Конгрессидан Россия ҳудудига зарба бериш учун Америка қуролидан фойдаланишга қўйилган тақиқни бекор қилишини сўраб, Вашингтонга келди. Қайд этилишича, узоқ масофали қуролларни Украинага топширган Байден маъмурияти улардан Россия ҳудудига ҳужумлар учун фойдаланилмаслигини шарт қилиб қўйган. Бу тақиқ Украина Қуролли кучларининг Харков вилоятида рус қўшинларининг кучайиб бораётган ҳужуми фонида Россия позицияларига ҳужум қилишига йўл қўймасди. Украина парламентининг қурол-яроғ ва ўқ-дорилар бўйича комиссияси раҳбари Александра Устинованинг сўзларига кўра, АҚШ расмийлари Украинага таёқ берар, аммо ундан Россияни савалаш учун ишлатишни тақиқларди. Бу эса очиқ-ойдин кўриниб турган мантиқсизлик эди. Бироқ ушбу ташриф амалга оширилган пайтда, Байден маъмуриятининг сиёсати ўзгармаган ва ёрдам Россия ҳудудига қаратилган ҳужум операцияларига эмас, балки мудофаа учун мўлжалланганлигини таъкидлаётган эди. Бироқ орадан бир ҳафта ўтиб ушбу ташрифнинг натижаси дарҳол сезилди ва бу АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Киевга “кутилмаган ташриф”идаги баёнотида акс этди. Давлат котибининг сўзларига кўра, АҚШ Президенти маъмуриятида тақиқни юмшатиш бўйича муҳокамалар бошланганди.
Мазкур мазмундаги баёнотлар фонида Россия ҳам қўл қовуштириб ўтирмади. Рус қўшинлари Жанубий ҳарбий округда тактик ядро қуроллари билан ўқув машғулотлари ўтказди. Ушбу ўқув машғулотлари доирасида Жанубий ҳарбий округнинг ракета тузилмалари “Искандер” оператив-тактик ракета мажмуаси учун ўқ-дориларни қабул қилиш, шунингдек, ракеталарни учиришга тайёргарлик кўриш учун жиҳозлаш ва яширин равишда позиция зонасига ўтиш амалиётини ўтказмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги машғулотлар ғарб расмийларининг Россияга қарши провокацион баёнотлари ва таҳдидларига жавобан ўтказилаётганини яна бир бор эслатган. Ўз ўрнида, Кремлдаги мулозимлар амалий ҳаракатлардан ташқари, оғзаки огоҳлантиришлар билан ҳам Европадаги ҳукуматларни ва АҚШни ҳовуридан туширишга уринди. Хусусан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси Мария Захарова, агар Британия қуроллари Украина томонидан Россия ҳудудига зарба бериш учун ишлатилса, Москва Британия нишонларига зарбалар бериш билан жавоб қайтаришини маълум қилди.
Россияни хавотирга солган баёнотларнинг 2-қисми
Бошқа давлатлардан ёрдам тариқасида юборилган қуролларнинг русларга қарши Россия ҳудудида ишлатилишга рухсат бериш борасидаги гап-сўзлар юқоридагилар билан чекланиб қолмади. Бу борадаги жиддий қарашлар ҳукумат даражасидан минтақавий иттифоқ ва йирик ташкилотларга кўчди. Хусусан, NATO Бош котиби Йэнс Столтенберг бутун дунё ҳукуматлари Украинанинг Россия ичидаги рус қўшинларига ҳужум қилиш учун Ғарб қуролларидан фойдаланишига қўйилган тақиқларни қайта кўриб чиқиши кераклигини айтди. Столтенберг Россиянинг 2022 йил бошида бошланган Украинага кенг кўламли бостириб кириши халқаро ҳуқуқнинг бузилиши эканлиги ва Украина ўзини ҳимоя қилиш, жумладан “Украина ташқарисидаги қонуний нишонларга” зарба бериш ҳуқуқига эга эканини айтди.
Бу орада Европа Иттифоқи расмийлари ҳам мазкур масала юзасидан қолганлар билан якдилликни намойиш этди. Иттифоқнинг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеф Боррель Столтенбергнинг баёнотини такрорлади. У уруш қонуниятларига кўра, бу мутлақо мумкинлигини билдирди ва Боррель Европа Иттифоқи мудофаа вазирлари билан учрашув бошида: “мен жавоб қайтаришим мумкин ёки менга қарши ўз ҳудудидан жанг қилганга қарши жанг қилишим мумкин” дея сўз бошлади. Брюсселдаги йиғилишда яна бир қанча мудофаа вазирлари Боррелнинг чақириғини қўллаб-қувватлади. Нидерландия Мудофаа вазири Кайса Оллонгрен ўз юртида бу масалада ҳеч қандай чекловлар йўқлигини ва турли позицияга эга бўлган бошқа давлатлар ўз қарашларини ўзгартиришига умид қилишини айтди. Эстониялик Ханно Певкур ҳам Украинага қурол берган ҳар бир давлат Киевга Россия ҳудудига зарба беришга рухсат бериши лозимлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, турли давлатларнинг сиёсий элитасида ҳам шу каби яна кўплаб баёнотлар янгради. Болтиқбўйи ва Скандинавияда ҳам муҳокама марказидаги ушбу қарорни қўллаб-қувватлаш кайфияти мустаҳкамланди. Бошқа давлатлар қатори Стокголм ҳам Швециядан Украинага юборилган қуроллар Россия ҳудудида фойдаланилишига рухсат берган бўлса, Эстония Президенти Алар Карис тўғридан тўғри Россия манзилига таҳдидомуз баёнот йўллади. У Кремлни тиз чўктириш ва шу орқалигина икки давлат ўртасидаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш мумкинлигини айтди. Бунинг таъсирида Украинанинг рус ерларига қўшин ва Ғарб қуроллари билан кириб бориш эҳтимоли соат сайин ошаётганди.
Сукунатдаги ядро доктринаси
Халқаро ҳуқуқ нормаларига назар ташлайдиган бўлсак, Украина бу масалада Россия ҳудудига зарба бериш ҳуқуқига эга эди. Россия уруш бошлагани сабабли, Украина ўзини ҳимоя қилиш учун куч ишлатиш ҳуқуқига эга ва бу куч ишлатиш фақат Украина чегаралари билан чекланиб қолмайди. Яъни, агарда ўзини ҳимоя қилиш учун зарурат туғилса, Украина Россиянинг стратегик ҳарбий объектларига зарба бериши мумкин. Фақат бу борада иккита чеклов мавжуд. Биринчиси, Украина томонидан мудофаа ҳужумлари номутаносиб бўлмаслиги лозим. Бу талаб руслар томонидан қилинган ҳужумнинг кўлами доирасида жавоб қайтариш лозимлигини англатади. Иккинчи қатъий талаб эса халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилиш, яъни Россия ҳудудига зарба берилган тақдирда фуқаролик объектлари (тураржой, шифохона, мактаб, турли бинолар ва ҳоказолар) нишонга олинмаслиги керак. Умуман олганда, Украинанинг мудофааси аслида унинг ҳудуди билан чекланмайди. Бироқ масалага фақат халқаро ҳуқуқ призмасидан қараш етарли эмас. Россия ҳудудига зарба беришга қарор қабул қилишда халқаро ҳуқуқдан-да кўпроқ аҳамият қаратишимиз лозим бўлган жиҳат мавжуд. Бу – Россия Федерациясининг ядро доктринаси.
Мамлакатнинг алоҳида ядро доктринаси мавжуд ва ушбу қуролдан фойдаланиш айнан мана шу ҳужжат асосида тартибга солинади. Одатда мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги бузилса, мазкур қуролдан фойдаланиш учун яшил чироқ ёқилади. Бундан ташқари, 2020 йил июнь ойида Россия Президенти Владимир Путин “Ядровий тўсиқлар соҳасида давлат сиёсати асослари” ҳужжатини тасдиқлади. Ушбу ҳужжат ядро қуролидан фойдаланиш шартларини кенгайтирди. Ўзгаришлар ядро қуролидан фойдаланишга сабаб бўлувчи яна икки асосни тақдим қилди. Булар қуйидагилардир:
Россия ва унинг иттифоқчилари ҳудудига ҳужум қилувчи баллистик ракеталар учирилганлиги тўғрисида ишончли маълумот олиш;
Душманнинг Россия Федерациясининг муҳим давлат ва ҳарбий объектларига таъсири, уларнинг муваффақиятсизлиги ядровий кучларнинг жавоб ҳаракатларининг бузилишига олиб келади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, иккинчи янги ҳолат энг катта кенгайтирувчи аҳамиятга эга. Уларнинг сўзларига кўра, “душманнинг Россия Федерациясининг муҳим ҳукумат ва ҳарбий объектларига таъсири” ибораси жуда ноаниқ ва потенциал душманга кўплаб саволлар туғдириши мумкин эди. Бироқ Александр Сирский барча эҳтимоллар, саволлар ва хавфларга қўл силтади. У Россия ҳудудига нафақат Ғарб қуроллари, балки қўшин билан қадам босди. Бир қарашда йил бошида унга Украина раҳбарияти томонидан берилган ишончни оқлади. Украина борган сари фронтни бой беришга яқинлашаётган, мудофаадаги босим эса энг юқори даражага етганди. Россия ҳудудини нишонга олиш орқали фронт чизиғини рус ерларига улоқтириш Сирскийнинг олдида турган ягона йўл эди. Ультиматумларсиз музокара ўтказишдан бўйин товлаётган Россияга нисбатан Сирский ва Зеленский шундай йўл тутди. 82 та аҳоли пункти, бир қанча шаҳар ва қишлоқлар, умумий ҳисобда эса 1150 кв км ер майдони. Бу ҳозиргача Россиянинг Украина томонидан тортиб олинган ҳудудлари ҳисобланади. Бундан ташқари, Путиннинг қўпол риторикалари ва ядро доктринаси уларни бу қарордан 2 ярим йил давомида қайтариб турганди. Бироқ ортда қолган ҳафтада нафақат Россиянинг ҳудудий яхлитлиги бузилди, балки бунга қўшимча равишда унинг муҳим стратегик ҳарбий объекти ҳам йўқ қилинди. Курскка ҳужумнинг илк кунларида Украина қўшинларининг Липетск авиабазасига берган зарбаси ва у ердаги ҳарбий техника ва анжомларни йўқ қилгани бунга яққол мисолдир. Шундай бўлишига қарамай, Россиянинг ядро доктринаси жойидан силжиганича йўқ. Негаки, катта эҳтимол билан Кремль ядро қуролидан осонликча фойдалана олмайди. Чунки замонавий дунёда ушбу оммавий қирғин қуролидан фойдаланиш шу давлатдаги режимнинг энг сўнгги куни бўлиши мумкин.
LiveБарчаси