Украина қачон Россия билан музокараларни тиклашга тайёр бўлиши айтилди

Олам 8598
image

Украина ва Россия вакиллари ўртасидаги мулоқотни қайта тиклаш учун қатъий музокара позициясига эга бўлиш керак. Бу ҳақда Олий Рада депутати, Россия билан музокаралардаги Украина делегацияси раҳбари Давид Арахамия маълум қилган.

“Музокаралардаги позициямиз мустаҳкамлангандагина мулоқот давом эттирилиши мумкин”, дейди у.

Арахамияга кўра, биринчи навбатда, Ғарб давлатларининг Украинага жўнатиши керак бўлган "етарли ҳажмдаги" қурол-яроғи Киевнинг музокаралардаги позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

“Бизнинг Қуролли Кучларимиз қурол-яроғдан фойдаланишга тайёр. Ва шунда биз мустаҳкамланган позиция билан музокараларнинг янги босқичини бошлашимиз мумкин”, дейди Олий Рада депутати.

Украина делегацияси раҳбари Россия кучлари айни дамда аҳоли пунктлари устидан назорат ўрнатишни давом эттираётганини айтиб ўтган. 

"Биз бир қадам олдинга, икки қадам орқага кетяпмиз ва мен кейинги музокараларни бошлаш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман", дейди Арахамия.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойи ўрталарида Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко Украина билан музокаралар тўхтатилганини, улар ҳеч қандай шаклда олиб борилмаётганини маълум қилганди.

Шундан сўнг, Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаб, Киев Россия дунёдаги сиёсий жараёнларда салбий роль ўйнагани туфайли у билан музокараларни тўхтатганини айтганди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 142
Рейтинг: 2.9
t
×