Украина Ироқдаги ҳужумларга алоқадорлигини рад этди

World

image

Ироқ Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Қосим ал-Абудий мамлакат ҳудудида Украина учун ишлагани айтилаётган гуруҳлар қўлга олинганини маълум қилди. Бироқ Украина Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотларни рад этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати баёнот эълон қилди.

Қосим ал-Абудийнинг иддао қилишича, ушбу шахслар сўроқ вақтида Украина фойдасига ишлаганини тан олган. Бироқ у бу баёнотларни тасдиқловчи далилларни тақдим этмаган. Украина ТИВга кўра, буни ал-Абудийнинг ўзи ҳам интервьюсида тан олган.

“Бундай айбловларни тасдиқловчи ҳеч қандай факт ёки далил йўқ. Агар улар учун асос бўлганида, Ироқ томони бу ҳақда аввал дипломатик каналлар орқали Украинага маълум қилган бўларди. Биз эса айбловлар ҳақида жонли эфир орқали хабар топдик”, дейилади баёнотда.

Украина ТИВ бундай баёнотларни далилларсиз оммага эълон қилишни масъулиятсизлик деб баҳолаб, бу икки давлат ўртасидаги муносабатларга путур етказишини таъкидлаган.

Шунингдек, вазирлик мазкур айбловлар Россия тарғиботи илгари сураётган баёнотларга мос келишини қайд этган. Унга кўра, бу Украина ва Яқин Шарқ давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни издан чиқаришга қаратилган ахборот кампаниясининг бир қисми бўлиши мумкин.

Украина ТИВ Ироқ ҳукуматини асоссиз айбловлар тарқатилишига муносабат билдиришга ҳамда давлат идораларидан учинчи томон манфаатларига хизмат қилувчи дезинформацияни тарқатиш воситаси сифатида фойдаланилишига йўл қўймасликка чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Киев “террорчилик фаолияти” географиясини тобора кенгайтираётганини даъво қилган эди. Бу ҳақда у бугун, 28 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида Украина жангариларининг Ироқдаги вазиятни беқарорлаштиришдаги эҳтимолий иштироки ҳақидаги саволга жавобан маълум қилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends