Украина Германиядан унинг ўзида йўқ қуролларни сўраяпти 

Олам 10478
image

Германиянинг Украинага қурол-яроқ етказиб берилиши ҳақидаги мунозараларда реализм йўқ, чунки Киев Берлиндан Бундесвернинг (Германия Қуролли Кучлари) ўзида йўқ қуролларни талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Welt am Sonntag” газетаси ёзмоқда.  

Нашрга кўра, аввалроқ Украинанинг Германиядаги элчиси Андрей Мельник ўз мамлакатини “дунёдаги энг яхшилари қаторида бўлган немис ҳарбий кемалари” ва “энг замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари” билан тақдим этишга чақирган.

“Иккала тилак ҳам амалга ошмайди, чунки Бундесвернинг ўзи ҳам уларни қабул қилишни хоҳлайди”, деб ёзилган хабарда.

Германия армиясидаги қуролланиш билан боғлиқ вазият тўғрисидаги ҳисоботга кўра, Германия денгиз-ҳарбий кучларида кемалар, шу жумладан корветлар ва танкерлар етишмайди.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан ҳам худди шундай вазият. Таъкидланишича, Германия Мудофаа вазири Кристин Ламбрехт жорий йилнинг 31 январь куни “ҳаводан келаётган таҳдидлардан ҳимояланиш қуруқликдаги қўшинларни хавотирга солаётган мавзу” экани ҳақида маълум қилган. 

“Бу борада мунозаралар узоқ вақтдан бери давом этиб келмоқда. Доим пул етишмас эди. Украинага ҳам ўқ-дорилар керак бўлиши мумкин, аммо бу ҳам ҳисобга олинмайди, чунки Бундесвер омборлари бўш”, деб ёзади газета. 

Қайд этилишича, Бундесвер бош инспектори Эберхард Цорн ўқ-дорилар захирасини тўлдириш учун 20 миллиард евро кераклигини айтган. 

“Аслида биз фойда ва харажат нисбатини ўзгартирадиган ҳеч нарса етказиб бера олмаймиз”, деган Мюнхендаги Бундесвер университети профессори Карло Мазала. 

Таъкидланишича, имкониятлар ҳатто ҳарбий техникани етказиб бериш бўйича ҳам чекланган. Украина Германия Мудофаа вазирлигидан ҳарбий дубулғалар ва зирҳлар сўраган. Аммо, маълум бўлишича, немисларнинг ўзларига ҳам зирҳлар етишмайди, шунинг учун Ламбрехт Киевга атиги 5000 дубулға таклиф қилган. 

“Suddeutsche Zeitung” газетасининг ўз қўлида бўлган ҳужжатга таяниб ёзишича, Украинанинг Берлиндаги элчихонаси Германия Ташқи ишлар вазирлигига мудофаа қуролларини етказиб бериш илтимоси билан оғзаки нота юборган. Маълум қилинишича, Украина ҳукумати “ҳарбий ҳаво ҳужумига қарши ва ракетага қарши мудофаа воситалари” ҳамда “23 ва 30 мм калибрли автоматлар учун ўқ-дорилар” олмоқчи. Рўйхатга ўрта масофага мўлжалланган зенит-ракета комплекслари, дронларга қарши жанговар ўқ отиш қуроллари, электрон аниқлаш тизимлари, тунги кўриш қурилмалари ва кузатув камералари киритилган. 

Бундан ташқари, Украина Германиядан зирҳли машиналар, миналардан тозалаш роботлари ва снарядларни портлатиш учун масофадан бошқариш тизимлари, рациялар, радарлар, разведка станциялари, санитар машиналарини олишга интилмоқда. Қолаверса, эҳтиёжлар “тугалланмаган”лиги, керак бўлса, рўйхатни тўлдириш мумкинлиги айтилган.

Украина-Россия низоси

Сўнгги пайтларда Россия-Украина можароси жиддий тус олган. Бир томонда Киевни қўллаётган АҚШ ва НАТО турган бўлса бошқа томонда урушга қарши ҳарбий тайёргарликларни бошлаб юборган Россия турибди. 

Украинанинг тарафини олиб АҚШ Киевга 200 миллион доллар миқдоридаги, қарийб 500 тонна қурол-яроғ, 300 та Жевелин танкка қарши ўт очар техникалари ва 5 та МИ-17 вертолётини етказиб берганини билдирган. Бундан ташқари, 8 500 нафар ҳарбийни Шарқий Европага юбориш учун шай ҳолда ушлаб тургани ҳақида маълум қилган. 

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага элита бўлинмасининг 30 нафар ҳарбий хизматчисини, 2 000 та танкка қарши ракета ва қурол-яроғ юборилгани ҳақида хабар берган. 

Бошқа томондан, Россия Украина баҳонасида “бурни тагига” тиқилиб олаётган НАТОнинг Шарқий Европа томон силжиб келишини қоралаб, унга қарши ўз ҳудуди ва Беларуснинг Украина билан чегарадош ерларида 100 000 дан ортиқ қўшин ва ҳарбий техникалар тўплаган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 175
Рейтинг: 3.1
t
×