Украина ФЕТОнинг икки фаолини Туркияга топширди
Олам
−
06 Январь 2021
5027Украина Туркия томонидан халқаро қидирувга берилган икки шахсни Анқарага топширди. Қайд этилишича, улар мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий душмани – Фатҳуллоҳ Гулен раҳбарлигидаги ФЕТО террорчилик гуруҳининг фаол иштирокчилари бўлган. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Илгари Солиҳ Фидан Ироқнинг Бағдод шаҳрида, Самит Гюре эса Эрбил шаҳрида ФЕТОнинг уяларини бошқарган.
Анқара махсус ишлар бўйича биринчи судининг қарорига биноан ФЕТО ташкилотининг икки ходими ҳам халқаро қидирувга берилган.
Туркия Ички ишлар вазирлигига кўра, қўлга олинган шахслар Солиҳ Фидан ва Самит Гюре Украинанинг Польша билан чегарасини ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган пайтда қўлга олинган.
Украина расмийлари билан ўтказилган музокаралар натижасида иккала террорчи ҳам Туркия томонига топширилиб, Анқарага олиб кетилган.
Қўлга олинган шахслар Анқара прокуратураси ҳузуридаги Терроризмга оид жиноятларни тергов қилиш бўлимида сўроққа олинган.
Маълумот ўрнида, 2016 йилнинг 15 июль куни Туркиянинг Анқара ва Истанбул, Мармарис шаҳарларида қуролли кучлар, ички ишлар, Миллий хавфсизлик хизматига ўрнашиб олган ФЕТО ташкилоти аъзолари давлат тўнтаришини амалга оширдилар. Бироқ, бу уриниш кутилган натижа бермади. Халқнинг иродаси, давлатга эга чиқиши натижасида тўнтариш бостирилди. Шундан буён мамлакатнинг кўплаб соҳаларида фаолият юритаётган ва ФЕТОга аъзоликда айбланган минглаб шахслар жиноий жавобгарликка тортилди.
Давлатга қарши тўнтаришга уриниши чоғида 251 киши вафот этган.
Айни вақтда ФЕТО террорчилик ташкилоти раҳбари Фатҳуллоҳ Гулен АҚШнинг Пенсилвания штатида яшайди. Туркия бир неча бор АҚШдан уни экстрадицияси қилишни сўраган.