Украина Эрондан хун талаб қиляпти

Олам

image

Бундан бир йил олдин, 2020 йил 8 январь куни Эрон пойтахти Теҳрон яқинида "Украина ҳаво йўллари"нинг Boeing 737-800 самолёти Эрон томонидан уриб туширилганди. 

Украина ва Эрон ҳалигача самолётдаги йўловчилар ва экипаж аъзоларининг ўлимида айбдорларни жавобгарликка тортиш тўғрисида келишувга эришмаган. Шунингдек, фожиа қурбонларининг оилаларига товон тўлаш тартиби ҳам келишилмаган. 

PS-752 Теҳрон-Киев рейсидаги лайнер Теҳрон аэропортидан учганидан кўп ўтмай иккита "Тор-М1" мудофаа ракетаси томонидан уриб туширилган. 

Натижада, самолётдаги 167 нафар йўловчи ва тўққиз нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган. 

Эрон Ҳукумати дастлаб самолёт ҳаводан мудофаа ракета тизими орқали уриб туширилгани ҳақидаги маълумотни рад этган ва бунга техник муаммолар сабаб бўлган, деган фикрда туриб олган. 

Кейинчалик, Эрон Қуролли Кучлари Бош штаби лайнернинг йўқ қилинишини тан олиб, воқеани "хато" деб атаган.

Украина лайнерининг "қора қутилари" 2020 йил 17 июлда, фожиадан етти ой ўтгач Францияга текширувга юборилган. Париж "қора қутилар"ни 2020 йил 23 июлда Теҳронга қайтариб берган. 

Эрон 2020 йил 23 августда "қора қути" ҳақидаги маълумотларни эълон қилган. 

Украинада 2020 йил 29-30 июль кунлари расмий Киев ва Теҳрон ўртасида 8 январь фожиасида қурбон бўлганларнинг оилаларига товон пули тўлаш бўйича музокаралар бошланган.

"Доктрина" сиёсий тадқиқотлар марказининг халқаро сиёсат бўлими раҳбари Денис Москаликнинг маълум қилишича, Эрон-Украина музокараларида ҳеч қандай ютуқларга эришилмаган. 

Москаликнинг таъкидлашича, Эрон қурбонларнинг оилаларига товон пули тўлаш ва фожиа ҳолатларини ўрганиш бўйича музокараларга қаршилик қилмоқда. 

"Товон тўламаслик учун Эрон дастлаб самолёт Европа компаниялари томонидан суғурталанган, деган далилни ишлатишга уринди. Кейинчалик, улар компенсация Эроннинг 2021 йилги бюджети ҳисобидан ажратилишини айтишди", деган эксперт. 

Москалик шунингдек, товон пули тўғрисидаги Эрон оммавий ахборот воситаларининг маълумотларига ишонмаслик кераклигини айтган.

"Эрон айбдорларни жазолашга ва адолатни таъминлашга уринмаяпти, аксинча ҳаракатлари Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) таркибидаги "Ал-Қудс" махсус бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши муносабати билан кескинлик вужудга келган АҚШни айбламоқда", деган украиналик мутахассис. 

Шунингдек, Украина томони ҳам вазият бўйича баёнот берган.

"Биз зудлик билан Эронни ушбу даҳшатли авиаҳалокатга сабаб бўлган воқеалар ва қарорлар тўғрисида тўлиқ ва ҳар томонлама тушунтириш беришга чақирамиз, шу жумладан, бу яна такрорланмаслиги учун аниқ ҳаракатлар талаб қиламиз. Украина, Афғонистон, Канада, Швеция ва Буюк Британия Эронда адолатни қарор топтириш ҳамда қурбонларнинг оилалари ва зарар кўрган давлатларга тўлиқ компенсация беришини таъминлаш учун Эронни жавобгарликка тортади", дейилган баёнотда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Украина

Баҳолаганлар

170

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг