Украина Ўзбекистоннинг Россия билан илиқ муносабатларига аралашмоқчи эмас
Таҳлил
−
11 Сентябрь
15166Бугун, 11 сентябрда Украинанинг Тошкентдаги элчихонасида маҳаллий ОАВ учун брифинг ўтказилди.
Брифинг чоғида Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ҳамда минтақа ва жаҳонда рўй бераётган сўнгги воқеалар муҳокама қилинди. Элчи Украина ҳукуматидаги янги тайинловлар ва Президент Владимир Зеленский томонидан ҳукумат олдига қўйилган устувор вазифалар, шунингдек, Украина дипломатиясининг Иккинчи Тинчлик саммитига тайёргарлик кўриш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида маълумот берди.
"Ўйлайманки, сиз Украина ҳукуматидаги ўзгаришлар ҳақидаги хабарлар билан тўлдирилган ахборот воситаларини ўқидингиз ва ўқишда давом этяпсиз. Ушбу ўзгаришлар асосий вазирлик ва идораларга таъсир кўрсатди. Дарҳақиқат, Денис Шмигал ҳукуматида 10 та вазир даражасидаги янги тайинловлар бўлди.
Президент Владимир Зеленский таъкидлаганидек, ўзгаришлар Россия тажовузи ва Россиянинг мамлакатимиз ва унинг халқига ҳужумлари кучайиши шароитида ҳукумат ишига янги суръат бағишлашдан иборат. Украина жамиятидаги ўзгаришларнинг сабаби аниқ ва ўйлайманки, жаҳон оммавий ахборот воситаларида президент нутқидан кейин бу ҳам кенг ёритилди ва ойдинлашди.
Владимир Зеленский парламент йиғилишида сўзга чиқиб, давлат институтлари энди имкон қадар аввалгидан кўра фаолроқ ишлаши ва барча даражаларда актив иш олиб бориши жуда муҳимлигини айтди ва жиддий кучайтиришни талаб қиладиган қатор йўналишларни, хусусан, мудофаа ишлаб чиқаришига шериклар сармоясини кўпайтириш, Европа Иттифоқи билан бўлажак қўшилиш келишувига тайёргарлик бўйича музокараларда фаолроқ олға боришни илгари суришни таъкидлади.
Украина Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақомини олганини, Европа Иттифоқи билан музокаралар бошланганини, улар аллақачон бошланганини биласиз. Аммо Европа Иттифоқи томонидан қўйилган вазифалар тезлаштирилган ечимни талаб қилади ва бу ерда ҳам Президент ижро ҳокимиятидан тезкор қадамлар ва фаолликни талаб қилади.
У, шунингдек, марказий ҳукумат ва жамият ўртасидаги мумкин бўлган катта ҳамкорлик ва ўзаро тушуниш ҳақида гапирди", деди элчи.
Элчи Николай Дорошенко Украина ҳукуматидаги ўзгаришларга алоҳида тўхталиб, мамлакатнинг янги Ташқи ишлар вазири Андрей Сибигани узоқ йиллик дипломатик фаолияти ҳақида сўз очди ва уни жуда тажрибали дипломат деб атади. Бундан ташқари, у журналистларнинг мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг турли жабҳалари, жумладан, иқтисодиёт, савдо, сармоя, маданият ва таълим соҳаларига оид кўплаб саволларига жавоб берди.
"Андрей Сибига Ташқи ишлар вазири этиб тайинланди. Бу вақтга қадар у Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бўлган, бунгача эса Президентнинг дипломатик маслаҳатчиси, Президент девони раҳбарининг ўринбосари лавозимларида ишлаган, шунингдек, Украинанинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлган. У учинчи котибдан тортиб вазиргача дипломатик хизматнинг деярли барча босқичларини босиб ўтган тажрибали дипломат. Шундай кучли бошқарувчининг келгани вазирлигимиз учун яхши мукофот", деди Дорошенко.
Журналистлар кутилганидек ортда қолган кунлардаги Россия Бош вазири Мишустиннинг Ўзбекистонга ташрифи ва унинг аҳамияти ҳақида элчини саволга тутди. Бироқ Дорошенко Мишустиннинг ташрифини изоҳламаслиги, чунки бу республиканинг ички иши эканлигини таъкидлади.
"Мен мамлакатингизнинг ички сиёсатига изоҳ бермайман, бу сизнинг халқингизнинг, парламентингиз ва сиёсатчиларингизнинг ҳуқуқидир.
Лекин Ўзбекистон, (собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз) Комиловнинг 2022 йил 16 март куни Олий Мажлисда сўзлаган нутқига кўра, бу масалада нейтралитет мақомини сақлайди ва масалани сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори.
Биласизми, баъзида оммавий ахборот воситаларида кимдир бирор нарса сўраганлиги ҳақидаги эълонлар ҳар доим ҳам амалга оширилмайди. Эълон қилингандан то амалга оширишгача кўп вақт талаб этилади. Лекин бу сизнинг ҳукуматингизнинг ҳуқуқи ва масъулияти. Ишончим комилки, икки томонлама маҳсулотларни ишлаб чиқармаслик учун етарли донолик бор, чунки сиз ишлаб чиқарилаётган нарсанинг қаттиқ мониторинги борлигини ва бундай маҳсулотлардан фойдаланиш учун баъзи санкциялар жорий этилиши мумкинлигини биласиз", деди элчи.
Украина элчиси уруш бошланганидан буён Ўзбекистон ва Украинага товар етказиб бериш Россия орқали ўтадиган йўлак ёпилгани сабабли мураккаблашгани, бироқ мамлакатлар савдо айланмасини ошириш йўлларини излашда давом этаётганини ҳам айтиб ўтди. Агар статистик маълумотларга назар ташласак, Николай Дорошенко айтганидек, Россиянинг Украинага босқини бошлангандан буён Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси кескин пастлаганини кўришимиз мумкин. Масалан, босқин бошлангунга қадар, аниқроғи 2021 йил ҳисоб-китобларига кўра, икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 700 млн доллар атрофида бўлган. Аммо бу кўрсаткич 2022 йилда 2 баробардан ортиққа пасайиб 306 млн, 2023 йилда эса 8 мартага пастлаб, атиги 92 млн долларни ташкил қилди. Аммо элчининг сўзларига кўра, қийин шароитларга қарамай, бизнес ва иқтисодий ҳамкорлик мутлақ тўхтаб қолганича йўқ ва ҳатто Украинада уруш шароитидаги даврга қарамай, Ўзбекистон фуқаролари томонидан очилган камида 1500 компания рўйхатга олинган. Элчи Дорошенко ўзбек бизнесменлари келгусида ҳам мамлакат тараққиётига сармоя киритишига умид қилишини аҳолида таъкидлаб ўтди.
"Уруш бошланганидан бери Россия ўз ҳудуди орқали Ўрта Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга маҳсулот етказиб беришни тақиқлаб қўйган. Энди маҳсулотлар Каспий йўлаги орқали, Транскаспий йўлаги орқали паромда ёки Оқтау портига, ёки Туркманбоши портига, сўнгра Ўзбекистонга етказилади ва бу транспорт масаласини қийинлаштиради.
Бундан ташқари, транспорт нархи 10мингдан 15 минг долларгача. Олдин эса бу харажат тахминан 4,5 минг долларга тенг эди. Шунга кўра, товарларнинг нархи кўтарилди. Бизда дон, кунгабоқар ёғи, қисқа қилиб айтганда Ўзбекистон бозори талаб қиладиган маҳсулотлар мавжуд. Лекин логистика товарларнинг нархини оширди. Аммо шу билан бирга, бизнинг бизнесимиз фаол ишламоқда ва биз Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини бироз бўлсада ошириш истиқболларини кўрмоқдамиз", деди дипломат.
Элчи, шунингдек, украиналик болалар 2023 йилда Ўзбекистондаги соғломлаштириш лагерларига келтирилгани ва афсуски, бу йил бу жараён элчихонага боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра амалга ошмай қолганини ҳам эслаб ўтди.
"Дарвоқе, болалар ҳақида, ўтган йили Ўзбекистон шундай ажойиб ишора қилди: украиналик болаларни соғлиғини яхшилашга таклиф қилди, эллик нафар болани олиб келиш таклиф қилинди.
Афсуски, бу ёзда маълум ҳолатлар туфайли бу амалга ошмади. Умид қиламизки, бу мавзу муҳокама қилинади ва нафақат муҳокама қилинади, балки келажакда ҳал қилинади. Биз шундай умид қиламиз", деди элчи.
Брифинг якунида эса у Украина Ўзбекистон босқинни тугатиш мақсади кўзланган “тинчлик формуласи” бўйича коммюникега қўшилиб, гуманитар ва атроф-муҳит масалалари бўйича мақсадларни қўллаб-қувватлашига умид қилишини билдирди ва энг сўнггида ўзбек ОАВларида фаоллашиш нияти борлигини яширмади. Малумот ўрнида қайд этиш жоизки, Николай Дорошенко Украина элчиси сифатида 2020 йилдан буён дипломатик миссиясини давом эттириб келади. Бунгача у 2015-2017 йиллар оралиғида Қирғизистонда шундай вазифани бажарган.
LiveБарчаси