Украина четдан қурол харид қилишда 770 млн доллар йўқотди
Олам
−
17 Май
4561Украина мудофаа эҳтиёжлари учун чет элдан қурол ва ўқ-дориларни тезкор ва катта ҳажмда харид қилиш чоғида 770 миллион доллар йўқотди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Маълум қилинишича, мамлакат ҳудудларига Россия кучлари бостириб киргандан сўнг, Украина тезкор қурол ва ўқ-дорилар сотиб олишга мажбур бўлган. Бироқ камида 30 та шартнома бўйича Украина олдиндан тўлов қилган бўлса-да, қурол-яроғни ололмаган.
Суриштирув натижаларига кўра, уруш бошланганидан буён Украина 770 миллион доллар миқдорида олдиндан тўловларни хорижий етказиб берувчиларга амалга оширган. Аммо бу маблағ эвазига қурол-яроғлар ёки етказилмаган, ёки фақат қисман топширилган, ёки сифатсиз бўлган. Бу сумма Украинанинг ҳар йили мудофаа учун ажратадиган 6–8 миллиард долларлик бюджетининг сезиларли қисмини ташкил қилади.
Украина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бир нечта хорижий қурол воситачилари билан тузилган шартномаларни текширмоқда. Баъзи шартномалар бўйича жиноий ишлар қўзғатилган, аммо ҳозирча ҳеч кимга расмий айблов қўйилмаган.
Жумладан, Украина Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-техник сиёсати департаменти собиқ раҳбарлари Томас Нахкур ва Александр Лиев, шунингдек, “Львовский арсенал” компанияси менежерлари ва хорижий фирма вакили устидан 1,5 миллиард гривна (36,2 миллион доллар) маблағни ўзлаштиришга уриниш бўйича иш очилган.
Улар Хорватиядан 100 минг дона миномёт снарядини харид қилиш чоғида ноқонуний ҳаракатга қўл урган бўлиши мумкин. Ушбу савдода олдиндан тўланган 12,5 миллион доллар воситачилар орқали мақсадсиз ишлатилган бўлиши мумкин.
Нахкур ва Лиев айбларни рад этиб, уруш шароитида исталган йўл билан қурол топишга мажбур бўлганликларини таъкидламоқда.
Қайд этилишича, Украина Мудофаа вазирлиги ҳозирда 309 миллион доллар миқдоридаги олдиндан тўловларни суд орқали қайтаришга уринмоқда. Қолган 460 миллион долларни эса музокаралар орқали етказиб берувчилардан қайтариб олишга умид қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мудофаа бўйича Европа комиссари Андрюс Кубилюс ўзининг Х ижтимоий тармоғида агар АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия раҳбари Владимир Путинни урушни тезда тугатишга кўндирмаса, Европа Иттифоқи мамлакатлари Украинага ҳарбий ёрдамни сезиларли даражада ошириши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.
LiveБарчаси
17 Июнь